Япония олимлари ёлғиз инсонлар учун робот-қўл яратишди
Япониянинг Гифу шаҳри университети мутахассислари ёлғиз инсонлар қадрига етадиган робот-қўлни яратди. «Севган қизим сайрда» номини олган ихтиродан аёллар меҳри етишмаётган одамлар фойдаланиши мумкин, деб ёзади Futurism.
Уни таққан одам қўлни қўйиб юборганида тушиб кетмаслиги учун қурилма билакка қотирилади. Механик қўллар жуда сезгир: робот-қўлга бармоқлар тегиши билан у дарҳол бунга жавоб қайтариб, уни ушлайди.
Олимларнинг таъкидлашича, улар томонидан яратилган қўл максимал даражада инсон кафтига ўхшаш қилиб ясалган. Масалан, у узоқ вақт ушлаб турилса, робот-қўлнинг териси терлайди — унинг тешикчалари орқали бироз суюқлик чиқади.
Шунингдек, девайс аёллар шампуни ҳидига эга ароматизатор ва қадамлар товушини берадиган кичик колонка билан жиҳозланган.
Ихтирочиларнинг сўзларига кўра, ёлғиз инсонлар робот-қўл ёрдамида тоза ҳавода узоқроқ вақт ўтказиши мумкин.
Шунингдек, ихтирочилар аёллар учун одеколон ёки мотор мойи ҳидига эга қурилманинг эркаклар версиясини тақдим этишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йили Японияда ёлғиз одамлар учун кресло яратилган эди.