Олимлар организмнинг чарчаганидан дарак берувчи 5 та белгини маълум қилишди
Агар ҳар куни тонгда уйғониш қийин бўлса ва уйғонгандан кейин ҳам чарчоқ туйғуси тарк этмаса, демак, тана меъёридан ортиқ ишлаган. Бу соғлиқ билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши мумкин бўлган жисмоний зўриқиш ёки кучли чарчоқ аломати бўлиши мумкин.
Доимий стресс
Иш ва кундалик одатлар туфайли келиб чиқадиган стресс – бу вақти-вақти билан барча дуч келадиган оддий ҳолатга айланган. Аммо доимий равишда кескинлик, асабийлик, тушкунлик кузатилса, бу ақлий ва жисмоний томондан кучли чарчоққа олиб келади. Бунинг учун камида бир кун дам олиш керак. Ёки яқинлар билан вақт ўтказиш, ёлғиз қолиш, сайр қилиш каби машғулотлар билан шуғулланиб, муаммолар ҳақида умуман ўйламслик зарур.
Узоқ вақт тушкунликда қолиш
Тушкунликка тушиш даврида ичкилик ичиш кўпчиликда учрайдиган муаммо. Шунингдек, шоколад ва бошқа ширинликлар билан ҳам танадаги ортиқча чарчоқни енгишга ҳаракат қилиш кузатилади. Сабаби шакар ҳеч бўлмаганда вақтинчалик «бахт гормони» – эндорфин туфайли мияга ёқимли ҳисларни бахш этади. Бироқ ширинлик истеъмол қилгандан бироз вақт ўтгач, яна чарчоқ ҳиси қийнашни бошлайди. Шуининг учун бундай вақтда шакардан воз кешиш ва табиий йўл билан чарчоқни бартарф қилиш тавсия этилади.
Уйқусизлик
Узоқ вақт ухлай олмаслик ёки узоқ вақт ухлаб, уйқуга тўймаслик ҳам тананинг ўта қаттиқ чарчаганидан дарак беради. Бунинг учун ҳафта охирида дам олиш ёки махсус таътилни режалаштириш зарур. Рақс ва мусиқа ҳам тананинг дам олишида яхши ёрдамчи ҳисобланади.
Сурункасига касал бўлиш
Ҳаддан ташқари кўп ишлаш тананинг толиқишига олиб келади, бу эса унинг ҳимоя функцияларига таъсир қилади. Иммунитет заифлашади, бу руҳият билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Тана чарчоқ туфайли дам олишни талаб қилади ва турли хил касалликка дучор бўлади. Шунинг учун шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда керакли витаминларни қабул қилиш керак, айниқса, қиш фаслида тана бунга катта эҳтиёж сезади.
Қуруқ лаблар, нафас қисилиши ва кўз остида кўкиш доғлар
Ўта кучли чарчоқда ички аломатлар билан биргаликда ташқи белгилар ҳам яққол намоён бўлиши мумкин. Буларга доимий равишда қуруқ ва ёрилиб турадиган лаблар, уларнинг сувсизланиши киради. Шунингдек, кўз остидаги кўкаришлар, кўз қизариши ҳам ташқи белгилардан биридир. Енгил ҳаракат ортидан ҳам нафас қисилиши кузатилади. Албатта, тананинг ўта чарчашига қарши лабларга бальзам суриш билангина курашиб бўлмайди. Бунинг учун витаминларга бой мавсумий мева ва савзавотлар истеъмол қилиш керак. Бундан ташқари уйқу вақтини бошқаришга ҳаракат қилиш, 15 дақиқа жисмоний машқлар бажариш ва танани зўриқтирмаслик тавсия этилади.