Гепатит турлари ҳақида нималарни билиш керак?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, Ер юзида гепатит B ва C билан зарарланган инсонлар сони 325 миллионни ташкил қилади, ушбу касаллик сабаб йилига 1,5 миллион инсон ҳаётдан кўз юмади. «Домашний очаг» журнали гепатитнинг энг кўп тарқалган турлари қайсилар ва юқтириб олмаслик учун қандай маълумотларга эга бўлиш кераклигига тўхталиб ўтади.
Гепатит нима?
Халқ тилида «сариқ касал» деб номланган гепатит вирусли касаллик ҳисобланади. Унда жигар ҳужайралари зарарланиши кузатилиб, жигар фаолияти бузилиши оқибатида организмда интоксикация — заҳарланиш юз беради.
Гепатитнинг ўткир ва сурункали турлари бор. Ўткир гепатит билан касалланган одам жигар қайта тикланишига имкон бериш учун бир йилгача қатъий парҳез тутиши, спиртли ичимликлардан воз кечиши керак. Сурункали гепатит ўлимга олиб келувчи жигар циррози ва саратони каби асоратларга сабаб бўлиши мумкин.
Гепатит билан қандай касалланиш мумкин?
Асосан, ушбу касаллик вирус юқиши туфайли ривожланади. Бундан ташқари, гепатит ўткир заҳарланиш, хусусан, спиртли ичимлик фонида ҳам ривожланиши мумкин.
А, B, C ва бошқалар нимаси билан фарқ қилади?
Гепатит А — энг кўп учрайдиган, аммо бошқаларига нисбатан хавфсизроқ касаллик тури ҳисобланади. У деярли доим ўткир кечади ва сурункали бўлмайди, ўлимга ва бошқа турларга нисбатан жиддий оқибатларга олиб келмайди. Ушбу касаллик «кир қўллар касаллиги» деб ҳам аталади. Вирусни, асосан, кирланган сув, таом, яхши ювилмаган идиш ҳамда касалланган одам билан контактда бўлиш орқали юқтириш мумкин. Гепатит А билан касалланмасликнинг энг осон йўли вакцина қилдириш ҳисобланади.
Гепатит B — касаллик турлари орасида энг хавфлиси ҳисобланади. Йилига ушбу касалликдан 700 минг одам вафот этади. Ҳозиргача ҳам касаллик қўзғатувчисига бевосита таъсир қиладиган препарат йўқ. Даволаш муолажалари жигарни яхшилаш ва циррозга айланишининг олдини олиш ҳисобланади. Касаллик қон ва одам организмидан ажраладиган бошқа суюқликлардан ёки онадан ҳомилага юқади. Агар касалланган одамнинг бир томчи қони ҳовузга тушса, ундаги сув зарарланиш хавфи бўлади.
Гепатит C — «Мулойим қотил» деб таъриф бериладиган ушбу касаллик тури ҳам кўпинча жигар циррози ёки саратонига сабаб бўлиши мумкин. Касаллик, асосан, қон орқали, яъни эҳтиётсизлик сабаб стоматолог, маникюр ва бошқа амалиётларда қон тегган буюмдан бошқа бир инсонга юқиши мумкин. Шунингдек, тиш чўткаси ёки соқол оладиган ускуна ҳам вирус юқиши учун сабаб бўлади.
Гепатит D — шифокорлар томонидан «суперинфекция» деб аталадиган гепатит D организмда гепатит B вируси бўлгандагина кўпаяди. Аксар ҳолларда касаллик билан зарарланиш қон қуйганда ёки гиёҳвандларнинг шприцлари орқали юқиши кузатилади. Онадан ҳомилага юқиши ҳам мумкин. гепатит B’га чалинган беморлар гепатит D юқишига мойил бўлади. Гемофилия касаллиги бор кишилар гиёҳвандларнинг касалликка чалиниш эҳтимоли юқори. Бир вақтни ўзида гепатитнинг А ва B турларига чалиниш ҳолатлари ҳам учраб туради. Зарарлангандан кейин касаллик ривожлангунича гепатит B сингари 1,5-6 ой вақт ўтиши мумкин.
Гепатит E — гепатит А сингари E тури ҳам деярли сурункали кечмайди. Аммо аёл ҳомиладорлигининг сўнгги уч ойида ушбу вирусни юқтириб олса, ўлим эҳтимоли 40 фоизни ташкил қилади.
Гепатит билан зарарланмаслик учун нима қилиш керак?
Гепатитнинг вакцинаси бор турларига қарши эмланинг. Шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинг. Тиббиёт муассасалари ва гўзаллик салонларида бир марталик асбоблардан фойдаланиш ва уларни стерилизацияланганига эътиборли бўлинг. Иложи борича бир йилда бир марта гепатитга қон таҳлили топширинг. Гепатитнинг баъзи турдаги вируслари қонга тушганидан кейин 20 йилгача ўзини намоён қилмаслигини унутманг. Саломатлигингизга бефарқ бўлманг.