Қон босимини туширишга ёрдам берадиган 8 тавсия
Гипертонияга нисбатан бежиз кўринмас қотил таърифи берилмайди. Одам узоқ вақт давомида ўзида қон босими баландлигини билмаслиги орадан вақт ўтиб эса жиддий муаммоларга дуч келиши мумкин.
Қон босимни ўлчайдиган ускуна кўрсаткичи 120 га 80 дан юқори бўладиган бўлса қуйидаги тавсияларга амал қилиш керак.
Спорт билан шуғулланинг
Мунтазам равишда жисмоний машқлар билан машғул бўлиш, ҳаттоки оддий юриш ҳам қон босимини пасайтириши ўнлаб тадқиқотларда аниқланган. Спорт қон айланишини яхшилайди ва юрак фаолиятига ижобий таъсир қилади.
Дам олишни ҳам унутманг
Стресс сабаб организмда кортизол ва адреналин гормонлари ажралади. Ушбу гормонларнинг организмда пульс тезлашиши ва қон-томирлар спазмига таъсир қилиши эса қон босимининг ошишига олиб келади. Тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олинг, медитация ва йога билан шуғулланинг, гаджет ва одамларсиз сокин жойда дам олишга ҳаракат қилинг.
Таомномангиздан тузни чиқариб ташланг
Тузни ҳаддан ортиқ истеъмол қилиш саломатлик учун жуда ҳам зарар. Кунига бир қошиқдан кўп бўлмаган туз истеъмол қилиш ва ундан тийилишни билиш керак.
Калийга бой маҳсулотларни истеъмол қилинг
Калий организмдан ортиқча тузни чиқариб юборишга ҳисса қўшади. Банан, картошка, ловия, исмалоқ, авокадо ва помидор каби маҳсулотлар калийнинг кони ҳисобланади.
Қора шоколад истеъмол қилинг
Қон-томирлар ва қон айланиши учун муҳим бўлган флавоноидларга бой экани сабаб ҳам қора шоколад фойдали ҳисобланади. Иложи борича таркибидан какао 70 фоиздан кам бўлмаган шоколад истеъмол қилишга ҳаракат қилинг.
Спиртли ичимлик истеъмол қилманг
Спиртли ичимликлар нафақат қон босимининг ошиши, балки саломатликда бошқа муаммолар келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади.
Чой ва қаҳвадан тийилинг
Чой ва қаҳва қон босимини кўтарилишига таъсир қилгани сабаб уларнинг истеъмолидан тийилган яхши. Бунинг ўрнига бошқа шифобахш ўтлардан тайёрланган чой ичишга ҳаракат қилинг.
Камроқ ўтириб, кўпроқ ҳаракат қилинг
Агар иш ёки ўқиш сабаб кўп ўтиришга мажбур бўлсангиз, организмда қон айланиши яхшиланиши учун ҳар ярим соатда ўрнингиздан туриб, юриб келишга ҳаракат қилинг.