Магний уйқусизликни енгишга қандай ёрдам беради?
Ҳар бир инсон ҳаёти давомида баъзида вақтида ухлашга қийналади. Бунга стресс, ҳаддан ташқари чарчаш, таътилсиз ишлаш ва шовқинли муҳит ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Агар уйқусизлик сурункали бўлса, бу кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Айниқса, организмда заифлик, асабийлашиш, диққатни жамлашни уддалай олмаслик каби ҳолатлар кузатилади. Магний эса бундай вазиятда уйқуни яхшилашга ёрдам беради.
Магний инсон танаси учун энг муҳим бўлган минераллардан бири ҳисобланади. У организмдаги 600 дан ортиқ реакциялар оқими учун зарурдир. Магний суякларни мустаҳкамлайди, қон томирлари ва юрак мушакларининг эластиклигини оширади. Мияни ҳаракатга келтиради, мушаклар спазмининг олдини олади ва асаб тизимини нормал ҳолатга келтиради. Шунингдек, соғлом уйқу билан ҳам таъминлайди.
Қолаверса, магний мураккаб метаболик жараёнларда иштирок этиб, кимёвий даражадаги заифликни меъёрлаштиради. Оғир кунлардан кейин барча ташвишларни унутиб, дам олишга имкон бериш қийин кечиши табиий. Бунга эса магний ёрдам беради. Минерал асаб тизимида фаоллашади ва мияга дам олиш вақти келганини айтадиган нейромедиаторларни бошқаради.
Бундан ташқари, магний уйқу гормони – мелатонин ишлаб чиқаришга таъсир қилади, унинг миқдорини оширади. Минерал асаб тизимини тинчлантириш учун масъул бўлган рецепторлар билан боғланишга қодир.
Тадқиқотчилар танадаги магний етишмовчилигини уйқусизлик ёки нотинч уйқу билан боғлайди. Аммо минерал етишмаслигидан сақланиш қийин эмас. Магний кўп миқдорда яшил сабзавот, мева, ёнғоқлар, гўшт ва балиқда мавжуд. Шунингдек, минерал парҳез қўшимчалари шаклида ҳам қабул қилиниши мумкин. Энг асосийси, қўшимчалар қабул қилишдан аввал шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.