Юрак саломатлигини асрашга ёрдам берадиган туз миқдори кам маҳсулотлар
Натрий жуда муҳим озуқавий модда бўлиб, рациондан бутунлай чиқариб ташланса, соғлиққа зарар етиши мумкин.
Аммо ҳақиқат шундаки, инсон танаси тузга жуда оз эҳтиёж сезади ва меъёрни мунтазам равишда ошириб юбориш қон босимининг кўтарилиши ва юрак хуружи, юрак етишмовчилиги, инсульт ва ҳатто буйрак касалликлари хавфининг ошишига олиб келиши мумкин.
Туз миқдорини қандай назорат қилиш керак? Аввало, у организмга яширин шаклда кириб боради: ярим тайёр, қайта ишланган гўшт, шунингдек, ресторан ва тамаддихоналарда тайёрланадиган таомлар таркибида ҳам кўп учрайди. Шу сабабли натрий миқдорини сақлаб қолиш ҳамда юракни ҳимоя қилиш учун таркибида туз миқдори кам бўлган маҳсулотларни истеъмол қилиш тавсия этилади.
Нўхат ва ловия
Таркибида оқсил ва сабзавот клетчаткаси бўлган дуккаклилар соғлом вазн ва юрак саломатлиги учун жуда муҳимдир. Бундан ташқари, ушбу экинларнинг барчаси холестеринни ўз ичига олмайди. Консерваланган озиқ-овқатлардан кўра қуритилган маҳсулотларни танлаш тавсия этилади. Тўғри, уларни пишириш кўпроқ вақт талаб қилади, аммо консервадаги ловия ёки нўхат одатда жуда кўп яширин туз ва шакарни ўз ичига олади.
Мева
Албатта, кўпгина меваларда туз кам ёки умуман бўлмайди. Бундан ташқари, янги узилган мевалар клетчаткага бой, шунингдек, витамин ва минераллар, фойдали антиоксидант бирикмалар билан яллиғланишни камайтиради ва тана ҳужайраларини эркин радикал ҳужумларидан халос этишга ёрдам беради. Аммо қонда шакар кўп бўлса, меваларни эҳтиёткорлик билан истеъмол қилиш зарур. Уларнинг кўпчилигида учровчи глюкоза саломатлик учун хавфли бўлиши мумкин.
Йогурт
Йогурт – юрак соғлиғига ғамхўрлик қиладиган ҳар бир киши учун яна бир ажойиб маҳсулот. Йогурт нафақат ҳазм қилишни қўллаб-қувватлайди, балки юрак хуружи ва инсульт хавфини камайтиради. Аммо йогуртни табиий, қўшимчаларсиз ва ҳатто шакарсизини танлаш муҳимдир. Акс ҳолда фойдали маҳсулот зарарли ширинликка айланиши мумкин.
Ёнғоқ ва писта
Яхши янгилик: тадқиқотлар шуни тасдиқладики, мунтазам равишда ёнғоқ ёки писта истеъмол қиладиганлар натижада юрак хасталигига дучор бўлмайди. Шуни эсда тутиш керакки, туз, шакар, асал ёки сироп қўшмасдан, табиий ёнғоқларни тановул қилиш керак. Шундагина барча афзалликлар ўз натижасини намоён қилади.
Сабзавотлар
Мева ҳамда сабзавот таркибида холестерин ва қон босимини пасайтиришга ёрдам берадиган муҳим озиқ моддалар мавжуд. Сарсабил, яшил ловия, бодринг, бақлажон, саримсоқ ва ошқовоқ каби сабзавотларда табиий туз мавжуд эмас. Уларни тез-тез истеъмол қилиш керак, аммо пишираётганда иложи борича камроқ туз қўшиш тавсия этилади.
Донли маҳсулотлар
Соғлом овқатланиш учун яна бир ажойиб таом. Деярли барча дон таркибида углеводлар мавжуд бўлиб, улар қонда шакар миқдорини сақлаб туришга ёрдам беради. Ва, албатта, пишириш вақтида озроқ туз қўшишга ҳаракат қилиш керак.
Кўкат ва зираворлар
Таом тайёрлаш вақтида кўп туз ишлатмаслик учун кўкат ва зираворлар қўшиш мумкин. Бундан ташқари, кўпгина зиравор ва кўкатларнинг таркибида турли хил фойдали бирикмалар мавжуд бўлиб, уларнинг баъзилари юракни турли касалликлардан ҳимоя қилади.