Хитой замонавий архитектурасининг 10 ноодатий биноси
Катта заводлар, саноқсиз конлар, тикувчилик ишлаб чиқариш ва йиғув цехлари — буларнинг бари замонавий Хитойнинг ажралмас бўлаги.
Шунингдек, ажойиб кўриниши ва ноодатийлиги билан катта таассурот уйғотувчи архитектура лойиҳалари ҳам мавжуд.
1. Харбиндаги опера театри

Бу ажойиб опера театри Харбин шаҳрида қад ростлаган бўлиб, у ўзининг қишки фестиваллари билан машҳур. Бино авваллари Сунгари дарёси яқинидаги серсув бўлган ерда жойлашган ва ўзининг илонизи тўғри чизиқлари билан атрофдаги манзарага кўрк бағишлайди.
Опера театри майдони 79 000 м² бўлиб, 1 600 ва 400 томошабинларга мўлжалланган иккита залдан иборат.
2. Шанхай минораси

Шанхай минораси — бу Шанхай шаҳридаги улкан осмонўпар минора. Бинонинг баландлиги 632 метрни ташкил қилади, умумий майдон — 380 000 м². Айни дамда минора қурилишининг якунланиши дунёдаги эркин турувчи бинолар орасида баландлиги бўйича учинчи ўринда туради.
Минорада компания офислари, кўнгилочар ва савдо марказлари, меҳмонхоналар, фитнес-студиялар, сартарошхоналар, кир ювиш хоналари, дўконлар ва ҳаёт учун зарур бўлган барча инфратузилмалар мавжуд.
3. Ухань шаҳридаги революция музейи

Ухань — Хитойнинг марказий қисмидаги аҳоли сони бўйича энг катта шаҳар. У ўзининг 2011 йилда қурилган катта музей марказига эга бўлган тарихи билан машҳур. У нафақат ўзининг қизиқарли экспозициялари билан, балки ноодатий дизайни билан ҳам кўплаб меҳмонларни жалб этади.
4. Пекиндаги Galaxy SOHO мажмуаси

Майдони 330 000 м² бўлган мажмуа бир-бирига боғланган беш иморатлардан ташкил топган. Бир неча пастки ерости ва битта ерусти қисмларда савдо-кўнгилочар марказ жойлашган бўлиб, 12 юқори қават офислар учун мўлжалланган. Энг тепа қисмда панорамали бар ва ресторанлар учун жой мавжуд.
Galaxy SOHO мажмуаси — Заҳа Ҳадид архитектура студиясининг энг таниқли ишларидан бири саналади.
5. Ордос шаҳридаги санъат ва тарих музейи

Ордос шаҳрини 2003 йилдан бошлаб қайтадан қуришди. Лойиҳа бўйича у миллионга яқин аҳолига мўлжалланган. Бироқ ҳозирда унда бор-йўғи 20 мингга яқин киши яшайди. Бу шаҳарни ҳамон шарпалар шаҳри деб аташади. Музей биноси эса дунёдан кўплаб сайёҳларни жалб қилувчи Ордоснинг асосий қадамжоси ҳисобланади.
6. Пекин миллий стадиони

Бу кўпфункционал спорт-кўнгилочар мажмуани кўпинча ташқи кўриниши туфайли "Қуш уяси" деб ҳам аташади. У 2008 йилги олимпиада ўйинлари олдидан кўплаб спорт мусобақалари, шунингдек, очилиш ва ёпилиш маросимларни ўтказиш учун қурилган. Стадион қурилиши 325 миллион еврога баҳоланади.
7. Хучжоу шаҳридаги "Шератон" меҳмонхонаси

Бу меҳмонхона тўлақонли думалоқ бўлса ҳам, негадир "Тақа" деган номни олган. Унинг пастки қисми сув ичида жойлашган.
Бино таниқли хитойлик архитектор Ма Янсонг лойиҳаси бўйича қурилган бўлиб, унинг қурилиш ишлари 2013 йилда тамомланган. Меҳмонхона Sheraton тармоғига 1,5 миллиард долларга тушган. Бино дунёнинг энг қиммат меҳмонхоналари ўнталигига киради.
8. Миллий саҳна санъати маркази

Миллий саҳна санъати маркази оддийгина қилиб "Тухум" дейилади. Титан ва шишадан иборат бу ноодатий бино тарихий Пекиннинг қоқ маркази — таниқли Тяньаньмэнь маркази яқинида жойлашган.
Бино лойиҳасини яратиш учун дунёнинг энг таниқли 69 мутахассислари ўз ишларини юборган. Танловда француз архитектори Поль Андре лойиҳаси ғолиб бўлган. Миллий саҳна санъати марказининг гумбази учта томошабинлар залини ўзида мужассам этган: опера (2 416 жой), мусиқа (2 017 жой) ва театр (1040 жой). Улар бир-бири билан ҳаво коридорлари орқали боғланган.
9. Чэнду шаҳридаги «Янги аср» глобал маркази

Бу бино дунёдаги энг улкан бутун иморат деб эътироф этилади. Умумий майдони 1,76 миллион м² бўлиб, бино баландлииги — 100 метр, кенглиги — 400, узунлиги эса — 500 метр. Бино 18 қаватдан иборат ва деярли тўлиқ металл ва шишадан қурилган.
Унинг ичида савдо майдонлари, офис, анжуман заллари, университет мажмуалари, иккита тижорат марказлари, икки беш юлдузли меҳмонхона, IMAX кинотеатри, сунъий пляжли аквапарк мавжуд.
10. Фушунь шаҳридаги «Ҳаёт узуги»

Фушундаги бу оламшумул иморат узук шаклини ёдга солади. Унинг ташқи диаметри 170 метр бўлиб, ички диаметр — 150. Тепа қисмда тезюрар лифтлар орқали чиқилуви манзарали майдонлар бор.
Лойиҳа сайёҳлар учун қадамжо сифатида яратилган. Унинг қурилишига 16 миллион доллар сарфланган.