Эрон жанубидаги Форс вилоятида янги газ кони аниқланди
-
Эрон жанубидаги Форс вилоятида янги газ кони аниқланди
Эрон нефт вазири Форс вилоятининг жанубида янги газ кони аниқланганини маълум қилиб, Эрон жанубида топилган газ миқдори «Жанубий Форс» газ конининг бир фазаси 15 йиллик фаолиятига тенг эканини айтди.
Порс тудей хабарига кўра, Эрон нефт вазири Моҳсен Покнежод якшанба куни Эрон телевидениесига берган интервьюсида Форс вилоятининг жанубида янги газ кони аниқланганини маълум қилди. Унинг айтишича, ушбу конда 7 триллион 500 миллиард куб футдан ортиқ газ топилган бўлиб, шундан 5 триллион 700 миллиард куб фут газни қазиб олиш имконияти мавжуд.
Эрон нефт вазири таъкидлашича, бу миқдордаги газ «Жанубий Форс» газ конининг бир фазаси 15 йил давомида ишлаб чиқарадиган газ ҳажмига тенг.
Моҳсен Покнежод Эрон жанубидаги Форс вилоятида жойлашган Тахте газ конида аниқланган газнинг хусусиятлари ҳақида тўхталиб, у ширин газ эканини айтди. Бу эса конни ўзлаштириш ва ундан фойдаланиш харажатларини камайтириш имконини беради. Шунингдек, мазкур конда газдан ташқари, қиймати ўнлаб миллиард долларга баҳоланадиган улкан ҳажмдаги газ конденсати ҳам аниқланган.