Ғиёсиддин Жамшид Кошоний
(last modified Tue, 11 Dec 2018 13:39:22 GMT )
декабр 11, 2018 18:39 Asia/Tashkent
  • Ғиёсиддин Жамшид Кошоний
    Ғиёсиддин Жамшид Кошоний

Ислом даврининг  буюк математиги ва физиги ҳамда Эроннинг машҳур шахсиятларидан бири Ғиёсиддин Жамшид Кошоний қадимда мавжуд бўлган ҳисоблашнинг тўрт амалини янада такомиллаштирган ва ислоҳ этган олимдир.

Ғиёсиддин Жамшид Кошоний 

Айниқса унинг кўпайтириш ва тақсимлаш бобида яратган янги усуллари  таҳсинга  сазовордир. У ўзининг “ Ҳисоблар калиди”  номли дарслик китобида  математика асосларига доир муҳим маълумотлар берган ва ушбу соҳада замонасининг етакчи олимларидан бўлган.

Масъуд номли табибнинг ўғли  ва Ғиёсиддин номи билан танилган  Жамшид  ҳижрий-қамарий 790, милодий ҳисоб билан 1388 йилда Эрон марказида жойлашган  Кошон шаҳрида  туғилган.У ўзининг барча асарларида  шундай ўзини таништиради:”Худонинг энг камтарин бандаси ё Унинг энг эҳтиёжманди Унинг раҳмати ила Жамшид кошонлик табиб Масъуднинг ўғли Маҳмуд ибн Муҳаммад”.

Мазкур буюк донишманд борасидаги маълумотлар унинг асарлари ҳамда отаси ва Кошон халқига ёзган икки мактуби орқали олинган. Унинг болалик, ўсмирлик ва ёшлик даври Темур Курагонийнинг Эронга қилган юришлари вақти билан тўғри келади. Ушбу оғир шароитга қарамай, Жамшид таҳсил олиш ва илм  ўрганишдан ҳеч вақт тўхтаган эмас.

Кошонийнинг қайси мадрасаларда  таҳсил олгани ва унинг устозлари борасида аниқ маълумотлар мавжуд эмас, бироқ айтиш мумкинки, ўша вақтдаги Эроннинг марказий шаҳарлари, хусусан, Форс ва  Кошонда  у илм олишга эришган. Унинг отаси, айтиб ўтганимиздек, табиб эди ва эҳтимол, бошқа илмлардан ҳам яхши  бохабар бўлган. Зеро Ғиёсиддин Жамшиднинг бир мактубидан маълум бўлишича, унинг отаси Хожа Насириддин Тусийнинг шеър мавзусида ёзилган “Меъёрул-ашъор” асарига оид шарҳ ёзиш пайидан эканлигини ва уни ўғлига юборишини  баён қилган.

Кошонийнинг  биринчи илмий фаолияти   “Расади хусуф”  номланган асарнинг ёзилиши билан бошланган  ва ушбу асар  ҳижрий –қамарий 808 йилнинг 12-зилҳижжа ойида Кошонда ёзилганки, милодий 1406 йилнинг иккинчи июни билан тўғри келади.

Ғиёсиддин Кошоний ўзининг биринчи илмий рисоласини  “Суллам ас- само”  (Осмонлар нарвони) номи билан араб тилида қамарий 809, милодий 1407 йилда, яъни Темурнинг вафотидан  икки  йил ўтганидан кейин  ёзган. У 23 ёшда  бўлганида ҳам  Кошонда яшаган ва ҳайъат, яъни космология илми  бўйича форс тилида мухтасар китоб ёзади. Ўша даврда илмий асарлар ёзиш ҳукмронларнинг ҳимоясисиз жуда қийин эди. Ғиёсиддин Кошоний қамарий 816 йилда нужумшунослик бобида “Зижи Хоқоний” номли илмий асарни форс тилида ёзиб, Темурнинг невараси ва Шоҳрухнинг ўғли Улуғбекка совға сифатида  юборади. Султон  Улуғбек ўша вақтда Самарқанда яшарди.  Ўша вақтда Кошонийнинг иқтисодий аҳволи яхши эмас эди ва у Султон Улуғбек  ёрдами билан илмий ишларини давом эттиришга умид қилган эди.

Осмонлар нарвони  китоби

Ғиёсиддин Жамшид Кошонда яшаган вақтида Эрон темурийлар шоҳларининг ҳукмронлиги остида эди.Ушбу даврда астрономия ва математика фанлари ниҳоят даражада ривожланиб борган эди. Ўша даврда энг яхши зижлар, юлдузлар ва математикага  оид китоблар ёзилган. Темурнинг энг оқил ва донишманд авлоларидан Шоҳрух Мирзо ва Гавҳаршод хотуннинг ўғли Султон Улуғбек Тарағай эди. Султон Улуғбекнинг ўзи ҳам астрономия ва математика фанларининг  билимдонларидан эди. Улуғбек отаси томонидан Мовароуннаҳрнинг ҳокими этиб тайинланган эди ва унинг ҳукуматининг маркази Самарқанд шаҳри эди.

Ғиёсиддин Кошонийнинг таржимаи ҳоли борасида сўз борар экан, айтиш лозимки,  у ёшлик йилларини Кошонда ўтказиб, риёзиёт ва фалакиёт илмига қизиқиб, қадимги Греция, Эрон ва Марказий Осиё  машҳур олимларининг асарларини таржима қилиб, уларга шарҳлар ёзган. У табобат, мантиқ, хуқуқушунослик, адабиёт фанини яхши билган. Кейинчалик Кошоний Ҳиротга келиб, Шоҳрух саройида хизмат қилган ва унга атаб "Элхон зижи”ни такомиллаштириш учун "Хоқон Зижи"  номли астрономик асарини битгани бобидаги маълумот ҳам бор. Айрим маълумотларда у ушбу асарини Кошонда ёзган. Унинг бу асари ўз давридаги астрономия соҳасидаги энг етук асарлардан ҳисобланган.

Қозизода Румийнинг маслаҳати билан Улуғбек 1416 йили Кошонийни Самарқандга таклиф этган ва у ҳаётининг сўнгги йилларигача Самарқандда яшаб, тахминан 1429 йилда вафот этган.

Жамшид Кошоний ўз  асрининг риёзиёт ва фалакиёт илмининг буюк алломаларидан бири сифатида ажойиб риёзиёт қомуси - "Мифтоҳ ал-ҳисоб" ("Ҳисоб калити") асари билан Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида, шунингдек, Марказий Осиёда машҳур эди. Ушбу асарда системали равишда баён этилган унли касрлар таълимоти Кошонийнинг юқори илмий ютуқларидан бири эди.

Риёзиёт фанида тақрибий ҳисоб усулини ривожлантириш борасида ҳам Кошонийнинг хизмати каттадир. Ушбу масалага у "Рисола ал-муҳития" ("Доира ҳақида рисола")сини бағишлади ва бу билан ўрта аср математикаси ривожига муҳим хисса қўшди. Асарда 17 аниқ унли белгига эга "Л" сонининг тақрибий маъноси аслият услуби билан кўрсатиб берилган.

Image Caption
Image Caption
Image Caption

Кошоний ҳижрий 814 (1411-1412) йилда ал-Чағминийнинг "Фалакиёт ҳақида қисқартмалар" асарига ва  милодий 1413 йилда эса ХIII асрнинг иккинчи ярмидаги самарқандлик олим ва фалакиётчи Шамсуддин Муҳаммад Самарқандийнинг "Ашкол ат-таъсис фи-л-ҳандаса" ("Ҳандаса илмида шакллар асоси") геометрик рисоласига ўз шарҳларини тузиб чиққан.

Кошонийнинг форс тилида отасига ёзган мактубларида Улуғбек ва унинг астрономик мактаби ҳақида қимматли маълумотлар учрайди.

Масалан, Кошонийнинг 1421 йиллар атрофида Кошонга юборган мактубида Улуғбек, Қозизода Румий, Ғиёсуддин Кошонийнинг ўзи ва Самарқанд мактабининг бошқа олимларининг илмий фаолиятларига оид қизиқарли маълумотлар ҳамда расадхона қурилишига доир лавҳалар муфассаллиги билан диққатга сазовордир.

Аллома Ғиёсуддин  Кошоний хатида Самарқанд Марказий Осиёнинг маданий маркази сифатида Кошондан афзаллигини, Улуғбекни эса кўзга кўринган давлат арбоби ва ҳукмдоргина эмас, балки йирик олим эканини тасвирлаб ўтади. Муаллифнинг Улуғбек ҳақида келтирган ушбу далиллари бошқа тарихий манбаларда учрайдиган Улуғбек ҳақидаги ма'лумотларни, айниқса, унинг етук аллома эканлишни анчагина тўлдиради.

Эронлик  буюк донишманд Ғиёсиддин Жамшид Кошоний милодий 1417 йили Самарқанддан Кошонга отасига ёзган мактубида Улуғбекнинг фаолияти ва билимдонлигини қуйидагича таърифлайди: «Аллоҳга ва унинг неъматларига шукроналар бўлсунким, етти иқлимнинг фармонбардори, Ислом подшоҳи донишманд кишидирлар. Мен бу нарсани одоб расми юзасидан айтаётганим йўқ. Ҳақиқат шуки, аввало у киши қуръони каримнинг аксарият қисмини ёддан биладилар. Тафсирларни ва муфассирларнинг ҳар бир оят ҳақидаги сўзларини ақлда сақлайдилар ва ёддан биладилар ва арабчада ғоят яхши ёзадилар. Шунингдек, у киши фиқҳдан анча хабардорлар, мантиқ маъноларининг баёни ва усулларидан ҳам хабардорлар.

Самарқанд-Улеғбек расадхонаси 
Самарқанд-Улеғбек расадхонаси 
Самарқанд-Улеғбек расадхонаси 

 

Таъкидлаб  ўтиш жоизким, Мирзо Улуғбекнинг илмга қизиққанлиги ва мамлакатнинг равнақини кўзлаганлиги туфайли янги усулдаги билим юрти — мактаб ва мадрасалар барпо қилишга қарор қилиб, деярли бир вақтнинг ўзида Самарқанд, Бухоро ва Ғиждувонда учта Мадраса барпо этади.

Самарқанддаги Мадраса қурилиши 1417 йили бошланиб, уч йилда ниҳоясига етказилади. Тез орада Улуғбек мадрасага мударрис ва олимларни тўплай бошлайди ва шу тариқа унинг Самарқанддаги астрономик мактаби шаклланади. Бу мактабнинг асосий мударрислари илмий ишларига қулай шароит ва паноҳ излаб Темур давридаёқ Самарқандга келган Тафтазоний, Мавлоно Аҳмад ва Қозизода Румий каби олимлар эди. Қозизоданинг маслаҳати билан Улуғбек Хуросоннинг Кошон шаҳридан Ғиёсиддин Жамшид Кошонийни чақиртиради. Самарқандга Мовароуннаҳрнинг турли шаҳарларидан ва Хуросондан тўпланган олимларнинг сони, милодий  1417 йилга келиб 100 дан ортиб кетади. Улар орасида адиблар, муаррихлар, хаттотлар, рассомлар, меъморлар бор эди. Лекин астрономия ва математика соҳасидаги олимлар шарафлироқ ва обрўлироқ эди. Улар орасида Қозизода билан Кошоний энг салобатли ва нуфузли эдилар.

Ёрлиқ