Абу Абдуллоҳ Жаъфар Рўдакий
(last modified Wed, 12 Dec 2018 12:06:59 GMT )
декабр 12, 2018 17:06 Asia/Tashkent
  • Абу Абдуллоҳ Жаъфар Рўдакий

Эрон юртида яшаб ижод қилган буюк  шоирлар, адиблар, мутафаккирлар ва донишмандлар илм ва адабиётнинг  барча соҳаларида  мангу асарлар яратиб, ўз  даврларининг энг илғор шахсиятларига айланишган эди.

Эронликлар Сосонийлар ҳукмронлиги даврида ҳам илм, маданият ва тамаддунда дунё миқёсида юксак даражаларга эришган эдилар. Уларнинг ушбу ютуқлари бошқа халқларнинг маданияти ва тамаддунига катта ижобий таъсир етказган. Эронликларнинг минг йиллик тарихга эга бўлган  шеърияти ва адабиёти ҳам бошқа санъат ва илмлари каби  халқаро шуҳратга эга бўлган эди.

Адабий алоқалар жаҳон халқлари маданияти тарихида ўзига хос ўрин тутадиган ҳодисалардан биридир. Узоқ тарихий илдизларга эга ушбу ҳодиса доимо инсониятни бир- биридан ўрганиш, бир -бирига ўргатиш, бир маданиятнинг бошқа бир маданият ютуқларидан унумли фойдаланишга ҳидоят этиб келган.

Устод Абу Абдуллоҳ Рўдакий форс шеъриятининг шаклланишида улкан роль ўйнаган лирик ва эпик шоирдир. Уни ҳақли равишда  шу адабиётнинг Одам Атоси деб аташади. Зеро, унинг ижодиётида форс адабиётининг шаклланиши ва мавзу жиҳатидан ўз йўлини белгилаб олганлиги яққол кўринади.   Унинг шеърлари юксак маҳорати билангина эмас, зулм ва истибдод авжига минган замонада, ўрта асрчилик зулматида ярақлаган бир нур сифатида ажралиб туради, уларда юксак одамийлик, сўз санъати, халқона соддалик, доҳиёна тафаккур, туйғулар тозалиги бутун таровати билан кишини мафтун қилади.

Image Caption

Абу Абдуллоҳ Жаъфар Рўдакий тахминан ҳижрий- қамарий 244, милодий ҳисоб билан 858 йили  Самарқанд яқинидаги Панжруд қишлоғида, деҳқон оиласида туғилди. Бу даврда Эроннинг муҳим қисмларидан бири бўлган  Мовароуннаҳр  Ҳиндистон, Хитой, Миср ва Сурия билан савдо ва маданий алоқаларни яхши йўлга қўйган эди.

Рудакийнинг Панжакент шаҳридаги мақбараси 
Рудакийнинг Панжакент шаҳридаги мақбараси 

X асрда Бухоро, Самарқанд, Урганч, Марв, Нишопур, Балх, Зарафшон водийсининг юқори қисми ҳунармандчилик, савдо ва маданий марказларга айланган эди. Айниқса, Бухоро шаҳри IХ-Х асрлардаёқ Шарқнинг энг йирик маданий марказларидан бири бўлган.

Рўдакий ёшлигиданоқ шеъриятга ихлос қўйди, ўз замонасининг машҳур чолғучиси Абул Аббос Бахтиёр қўлида мусиқадан маълумот олди. Дастлабки маълумотни ўз қишлоғида олган Рўдакий ўқиш учун Самарқандга борди. У ерда чуқур билим олиб, тез орада адабиёт ва санъат соҳасида ҳам донг чиқаришга муваффақ бўлди.

Бухоро ҳукмдори Наср II ибн Аҳмад Сомоний (914-943 йилларда ҳукмронлик қилган) даврида Рўдакийнинг шоирлик шуҳрати Бухоро ва умуман, Шарққа кенг тарқалди. Рўдакий асарларига эътибор берилса, унинг астрономия ва қадимги юнон фалсафасини ҳам яхши тушунганлигини кўриш мумкин.

Сомонийлар давлатининг кўзга кўринган давлат арбоби, Наср II ибн Аҳмаднинг яқин дўсти Абуфазл Балъамий Рўдакий ҳақида «У фақат машҳур шоир бўлибгина қолмай, балки ўз даврининг етук олими ҳам эди»,- деб баҳо берган.

Наср II ибн Аҳмад Сомоний Рўдакийни ўз саройига таклиф этгандан сўнг, шоир ҳаётининг кўп қисми Бухорода ўтди. Рўдакийнинг адабий меросидан бизгача минг байт етиб келган (2 қасида, 50 рубоий, шеърлар, достон ва бошқалар). Аммо XII аср шоири Рашид Самарқандийнинг таъкидлашича, биронта шоир Рўдакий сингари кўп асар ёзган эмас. Баъзи олимларнинг фикрича, Рўдакий бир миллион уч юз минг мисра шеър ёзган. Муҳаммад Авфийнинг хабар беришича, Рўдакий юзта тўплам (дафтар) ёзган.

Ас-Сомонийнинг «Китоб ул-ансаб» асарида келтирилишича, «Рўдакийнинг шеърлар тўплами Ажам (араблар яшамайдиган) мамлакатларда машҳур. Айтишларича, Рўдакий биринчи бўлиб форс тилида шеър ёзган шоирлардандир», дейилган. Шунинг учун ҳам Наср II ибн Аҳмад Сомоний, унинг вазирлари ва ҳарбий бошлиқлари унга қимматбаҳо совғалар берар эдилар. Шу туфайли Рўдакий катта бойликка эга бўлган. Аммо у бутун диққат-эътиборини шеъриятга ва фанга қаратган. Рўдакий шеърият вазифасини кишилар қалбига таъсир этиш, «сангу-сандон юракларни мум каби юмшатиш» деб билди. Унинг асарларида халқчил ғоялар кучли. Қадимги манбаларда Рўдакийнинг «Офтоб даврони», «Ароис ан-нафоис» («Нафис куртаклар») ва «Синбоднома» достонлари бўлганлиги ҳақида маълумотлар учрайди.

Рўдакийнинг қасидаларидан «Модари май», «Дар васфи Бухоро» ва «Шикоят аз пири» («Қариликдан шикоят») бизгача етиб келган. Рўдакийнинг ижодида X асрнинг ижтимоий ҳаёти ўз аксини топган. Унинг ҳамма асарларида халқнинг орзу-умидлари, манфаатлари ифода қилинган.

Рўдакийнинг ахлоққа оид асарларида ақл-идрок, хулқ-атвор ва билим асосий ўринни эгаллаган. Мутафаккир билимни ҳамма бойликлардан устун қўяди. Унинг айрим насиҳатлари инсоннинг қандай ҳолатда бахтли бўлиш шароитларини аниқлашга ёрдам беради. Рўдакийнинг фикрича, инсоннинг тўла бахтга эга бўлиши учун тўрт нарса керак: соғлиқ, яхши одоб, яхши ном ва ақл. У инсонларни воқеаларнинг ички моҳиятидан унинг ташқи томонини ажрата билишга чақиради. У яхшилик, сахийлик ва улуғворликни тарғиб қилади.

Рўдакийнинг табиат гўзалликларини ифода этган асарлари жуда жозибалидир. Унинг асарларида Ватанга, халққа муҳаббат мавзуларигина ёритилмай, кенг фалсафий фикрлар ҳам баён этилган. Масалан, «Қариликдан шикоят» асарида моддалар бир шаклдан иккинчи шаклга ўтишини ҳамда йўқ бўлиб кетмаслигини таъкидлайди.

Буюк мутафаккир кишилар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик кишилик жамияти учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини бир неча бор таъкидлаб ўтган. Унинг фикрича, ҳақиқий дўстлик учун кишиларни, ҳатто турли динда бўлишлари ҳам халақит бера олмайди. Унинг қуйидаги сатрлари диққатга сазовордир:

Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,

Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.

1956 йилда антропологлар томонидан Рудакий қабрига илмий экcпедиция уюштирилиб, унинг бош чаноғи устида текширув ишлари амалга оширилди.Натижада унинг кўзи косасида қолган излардан шоирнинг кўзи қиздирилган қаттиқ жисм билан кўр қилинганлиги аниқланди.  Демак, Рудакий умри охирида қаттиқ жисмоний  жазога дучор қилинган, кўзи кўр қилиниб,  саройдан қувилгандан сўнг 940 -941 йилларда ўз она қишлоғи Рудакда вафот этган ва ўша сўлим тоғ бағридаги она қишлоғида дафн этилган.

Шоирлар пешвоси устоз Рудакий вафоти бутун Мовароуннаҳру Хуросон халқларини  чуқур қайғуга солди. Шоирлар энг чекка  ва олис қишлоғларда, катта ва марказ шаҳарларда  унинг вафоти ҳақида марсиялар ёздилар. Уларда Рудакий вафоти уларни чуқур қайғуга солиб,  юрак бағри қон бўлганликлари акс этган:

Рўдакий рафту монд ҳикмати ўй,

Гул бирезад, нарезад аз вай бўй.

Таржимаси:

Рудакий кетдию ҳикмати қолди,

Гул тўкилди, ҳиди ҳар ёқни олди.

Рудакийнинг Душанбе шаҳридаги ҳайкали

 Тарихий ва адабий манбаларда Абу Абдуллоҳ Жаъфар ибн Муҳаммад Рудакий форс адабиётининг  сермаҳсул шоири сифатида қайд этилади. Баъзи  манбаларда Рудакийнинг етти юз минг байтдан  бир миллион уч юз  минг байтгача, бошқаларида эса юзта шеърлар тўплами ёзганлиги ҳақида маълумот берилади.

Рудакийнинг неча байт шеър ёзганлигини биринчи бўлиб 12 аср шоири Рашидий Самарқандий ўз шеърида кўрсатган:

Гар сарий ёбад ба олам  кас  ба некўшоирий,

Рўдакийро бар сари он шоирон зебад сарий.

Шеъри ўро баршумурдам сездаҳ раҳ сад ҳазор,

Ҳам фузун ояд, агар чунон ки бояд бишмарий.

Таржимаси:

Жаҳон шеъриятига бошлиқ керак бўлса гар,

Шоирларга бош бўлмоқ  Рудакийга ярашар.

Шеърини санаб чиқдим ўн уч мартаба юз минг,

Яхшироқ санаганда, эҳтимол кўпроқ чиқар.

Рашидий Самарқандийнинг ушбу шеърий порчаси Жомийнинг "Баҳористон", Хондамирнинг "Ҳабиб ус -сияр", Амин Аҳмад Розийнинг "Ҳафт иқлим", Маждийнинг " Зийнат ул- мажолис"  асарларида ҳам баъзи жузъий ўзгаришлар билан келтирилади.

   Муҳаммад Афвий эса "Лубоб ул- албоб" тазкирасида Рудакий шеърияти ҳақида фикр билдириб. Унинг асарлари ҳар қандай  мақтовдан устун ва уларнинг сони "юзта  шеърлар китоби" -дан иборат эканлигини ёзади.  Афвийнинг бу фикри кейинги даврларда ёзилган манбалар, жумладан, " Баҳористон" ва "Ҳафт иқлим" каби асарларда қайтарилади.

   Ҳамдуллоҳ Муставфий Қазвиний эса ўзининг "Тарихи гузида" асарида Рудакийнинг шеърий мероси етти юз минг байтдан иборат эканлигини "Таърихи Манучеҳрий"  китобида ўқиганлигини, аммо Эрон олими  ва ёзувчиси  Саид Нафисий  бу китоб бизгача етиб келмаганлигини, шунинг учун уни аниқлай олмаганлигини афсусланиб ёзади.

Афсуски, шундай улкан шеърият хазинасидан бизгача баъзи қатралар –турли тазкира ва луғатларда Рудакий маснавийларидан  мисол тариқасида келтирилган айрим парчаларгина сақланиб қолган, холос. Шунга қарамай, унинг асарларидан сақланиб қолган ҳар бир байт, ҳар бир сатрда шоирнинг буюк даҳоси уфуриб туради.

 Рудакийнинг турли изоҳли луғати, жумладан, 11 асрда тузилган  "Луғати фурс" ҳамда  турли тазкира ва тарихий асарлар  узра сочилган  пароканда  байтлари денгиз тубидан териб олинган  садаф сингари  битта -битта  Шарқ ва Ғарб  олимлари, шарқшунослар  томонидан  териб тикланмоқда.

Ғарбий Европа мамлакатларида  Рудакий меросини ўрганиш  19 аср  бошларида бошланган бўлсада, унинг сақланиб қолган  шеърларини тўплаш  ишлари мазкур  асрнинг 70 йилларига бориб тақалади.

Таниқли олмон  шарқшунос олими Герман Эте Абу Абдуллоҳ Рудакий  ҳаёти  ва ижодига оид мақола билан бирга , йигирма тўртта  манбадан шоирнинг 228 байтини танлаб олди ва олмон тилига таржима қилиб, 1873  йилнинг ноябрида нашр эттирди.  Бошқа шарқшунос Паул Хорн Асадий Тусийнинг  " Луғати фурс"  китобининг  танқидий матнини тайёрлаш жараёнида  Рудакийнинг " Калила ва Димна" ва "Синдбоднома"  каби маснавийлардан  ўн олти байтни топиб эълон қилди.