Тожикистонда давлат тили меъёрларини бузган журналистлар жаримага тортилади
Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги тил ва атамашунослик қўмитаси тожик тили меъёрларини бузган журналистларни жаримага тортади.
Кун сайтининг хабарига кўра, бу ҳақда матбуот-анжуманда Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги тил ва атамашунослик қўмитаси бошлиғи Гавҳар Шарифзода маълум қилди.
"Биз амал қилишимиз керак бўлган имло қоидалари, давлат тили меъёрлари талаблари бор", деб айтди Шарифзода.
Шарифзоданинг айтишича, журналистлар нотаниш сўзлардан фойдалана бошлаганлар. "Баъзи журналистлар ўз материалларида бир куннинг ўзида оддий ўқувчи ва тингловчига тушунарсиз 10 тагача шундай сўзларни ишлатаётган ҳолатлар мавжуд. Бунда давлат тили меъёрлари қўпол равишда бузилмоқда", деб қўшимча қилди Шарифзода.
Тилшунос мутахассис Наима Муқимзоданинг фикрича, Тожикистон ОАВда кўпинча форсчадаги сўзлар ва бу тилдаги атамашунослик ишлатилади.
Ўз навбатида Тил ва атамашунослик қўмитасининг ҳуқуқшунослик бўлими бошлиғи Шодмон Жамолиддинзоданинг айтишича, тил меъёрларини бузганларга солинадиган жарима миқдори жисмоний шахслар учун 15 тадан 20 тагача ҳисоб кўрсаткичлари (75 доллардан 100 долларгача), юридик, мансабдор шахсларга 30 тадан 40 тагача ҳисоб кўрсаткичларини (150 доллардан 200 долларгача) ташкил қилади.
"Телекўрсатувлар ва радиодастурларни кўриб-эшитадиган, газеталарни ўқийдиган махсус гуруҳ яратилади, бу ҳақда газеталар, ахборот агентликлари, телевидение ва радио муҳаррирлари ва журналистларига қўшимча маълум қилинади", деб айтди Жамолиддинзода.