Тожикистондаги 201-ҳарбий база йил охиригача учувчисиз бошқариладиган учоқлар батальонига айлантирилади
Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини учувчисиз бошқариладиган учоқлар билан таъминлайди
Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси йил охиригача учувчисиз бошқариладиган учоқлар батальонига айлантирилади, дея хабар қилади марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-полковник Владимир Зарудницкийга асосланиб Интерфакс.
Қўмондоннинг сўзларига кўра, батальонга «Орлан» ва «Элерон» замонавий комплекслари келтирилади. Владимир Зарудницкий учувчисиз бошқариладиган учоқ (УБУ)ларнинг умумий сонини тилга олмаган. «Бўлинма ягона информацион тизимда бир неча УБУ кучларидан фойдаланиш, шунингдек, мотоўқчилар, артиллерия ва авиация ҳаракатининг самарадорлигини ошириш имкониятини яратади», — дея агентлик унинг сўзларини келтиради.
Кун.ўз сайтига кўра генерал, шунингдек, Тожикистондаги 201-ҳарбий база «Ураган» бираваракайига ўт очиш ракета тизимлари дивизионига ҳам эга бўлгани айтиб ўтди. Бу ўт очиш тизими тоғли рельеф шароитларида 35 км узоқликкача бўлган нишонни бехато уриш имконини беради.
Россия ОАВлари генерал-полковник Владимир Затрудницкийга асосланиб, 201-ҳарбий база жанговар имкониятлари «Ураган» тизими ҳисобига жиддий равишда ошганини ёзишмоқда, бироқ ҳарбий база шахсий таркибининг сони халқаро битимлар доирасидан четга чиқмайди.
201-ҳарбий база Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий объекти ҳисобланади. Унинг бўлим ва бўлинмалари Душанбе ва Қўрғонтепа шаҳарларида жойлашган. Икки томонлама битимга кўра, Россиия ҳарбий базаси Тожикистонда 2042 йилгача фаолият кўрсатади.