Қирғизистоннинг янги президенти Ўзбекистонга келиши кутилмоқда
Келгусида Қирғизистоннинг янги президенти Ўзбекистонга ташриф билан келиш таклифини билдирди
Қирғизистоннинг янги сайланган президенти Сооронбай Жээнбеков яқин кунларда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади. Бу ҳақда 9 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган анжуман вақтида айтиб ўтди.
«Бир йил ичида ҳамма қўшниларимиз билан муносабатларни яхшилашга эришмоқдамиз. Қўшниларимизга ён бериб, яхши гапиришимиз, муносабатни бошқачароқ қилишимиз керак. Келгусида Қирғизистоннинг янги президенти Ўзбекистонга ташриф билан келиш таклифини билдирди, биз қабул қилдик. Муаммоларимиз бўлган бўлсаям, қўшнимиз», деган президент.
Сооронбай Жээнбеков 15 октябрь куни бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонганди. У 24 ноябрь куни лавозимга киришди ва биринчи давлат ташрифини Россияга, 29 ноябрь куни амалга оширди. Кейинроқ у Қозоғистонда ҳам бўлди.
Шавкат Мирзиёев сентябрь ойида Қирғизистонга ташрифни амалга оширганди. Кейинроқ, 5-6 октябрь кунларида қўшни давлатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев Ўзбекистонга келди.
У партиядоши Сооронбай Жээнбековни ўз иши давомчиси деб атаган.