Остонада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг илк маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди
Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон президенти Сўранбай Жеенбеков, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон иштирок этди.
Туркманистон президенти Гургангули Бердимуҳамадев олдинроқ режалаштирилган олий даражадаги йиғилишлари сабаб учрашувга кела олмади, унинг ўрнига Туркманистон Мажлиси раиси Акжа Нурбердиева қатнашди.
Мезбон давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев учрашув жуда муваффақиятли кечгани, унда халқаро кун тартибидаги муҳим масалалар муҳокама қилингани ҳақида маълум қилди.
Марказий Осиё давлатлари ҳудудий хавфсизлик, чегара масалалари, транспорт коммуникацияси, сув энергетикаси ресурслари, тариф сиёсати, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишган.
Қозоғистон президенти бундай учрашув ҳар йили Наврўз байрами арафасида Марказий Осиё давлатларидан бирининг пойтахтида ўтказилишини маълум қилди.
Навбатдаги учрашув келгуси йили Тошкентда ташкил этилади.