Остона ва Олмаотада норозилик намойишлари: ўнлаб кишилар қўлга олинди
(last modified Sat, 12 May 2018 05:07:45 GMT )
май 12, 2018 10:07 Asia/Tashkent
  • Остона ва Олмаота
    Остона ва Олмаота

Қозоғистоннинг Остона ва Олмаота шаҳарларида 10 май куни ўнлаб одамлар сиёсий сабабларга кўра таъқиб этилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида норозилик намойишларига чиқишди.

Кун.уз сайтига кўра, Остонадаги Космонавтлар кўчасида, Европа давлатларининг дипломатик ваколатхоналари олдида йиғилган ўнлаб одамлар «Сиёсий маҳбусларга озодлик!», «Озодлик!», «Шарманда!» дея ҳайқиришган.

Олмаотада эса эрталабки соатларда ўнлаб одамлар опера ва балет театрига яқин жойдаги пиёдалар кўчасига келишди. Улар қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан сиёсий маҳбуслар сифатида эътироф этилган кишиларнинг портретларини кўтариб олган ва қийноқларни тўхтатишга чақиришган.

Ҳар икки шаҳарда акцияларда қатнашган ўнлаб кишилар қўлга олинган. Акцияларнинг баъзи иштирокчилари полиция ходимлари томонидан хизмат автобусларига куч билан олиб кирилган. Остонада эса ўсмир билан бирга автобусга қараб олиб кетилган аёл шундай қичқирган: "Ахир у ёш бола-ку, нима қиляпсизлар! У 12 ёшда-ку!".

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Олмаотада 70дан ортиқ киши қўлга олинди. 

Иштирокчиларнинг сўзларига кўра, норозилик намойишлари Қозоғистонга Европарламент расмий миссиясининг келиши билан боғлиқ, у Остонанинг Европа Иттифоқи ва Қозоғистон ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув шартларини қандай бажараётганини баҳолаши кутилмоқда.