Тожикистонда хорижлик куёвлардан 50 минг доллар қалин пули олиш таклиф қилинди
(last modified Mon, 02 Jul 2018 05:46:38 GMT )
июл 02, 2018 10:46 Asia/Tashkent
  • Тожикистонда хорижлик куёвлардан 50 минг доллар қалин пули олиш таклиф қилинди

Тожикистонлик шоира Адиба Азиз маҳаллий қизларга уйланмоқчи бўлган хорижий фуқаролардан қалин пули олиш ҳақида қонун қабул қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда Sputnik хабар берди.

Унинг фикрига кўра, қалин пулининг ярми келиннинг шахсий ҳисоб рақамига тушиши керак. Иккинчи ярми эса тенг беш бўлакка бўлиниб, қизнинг отаси-онаси, давлат бюджети, етим болалар, ногиронлар ва қарияларга юборилиши керак.

Шоиранинг Facebook’даги саҳифасида чоп этилган ушбу ғояси катта шов-шов ва тортишувларга сабаб бўлди. Муҳокамада иштирок этаётганлар асосан икки гуруҳга бўлинди: биринчи гуруҳдагилар ушбу ғоя инсонийлик тушунчаларидан узоқлиги ва тожик қизларининг эркинлигини чеклаши ҳамда уларни товарга айлантириши мумкинлигини айтмоқда.

Иккинчи гуруҳ вакиллари фикрига кўра ушбу чора тожик қизларига уйланишни истаётган хорижликлар сони тобора кўпайиб бораётган вақтда миллий генофондини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Шоира фикрига кўра, қалин пули хорижликлар олдида тожик қизларининг обрўсини оширади ва оилада муносабатлар ёмонлашганда уларнинг ҳуқуқларини поймол қилишга йўл қўймайди.

Бугунги кунда Тожикистонда хорижлик куёвлар учун қалин пули тўлаш мажбурияти бўлмаса ҳам бир қатор шартлар мавжуд. Жумладан, бўлажак куёв уйланишдан олдин мамлакатда камида бир йил яшаши, турмуш ўртоғи ва болаларини уй-жой билан таъминлаш мажбурияти юклатилган никоҳ шартномасини имзолаши керак.