Бугун Қозоғистонда Пойтахт куни нишонланади
https://parstoday.ir/uz/news/middle_asia-i36073-Бугун_Қозоғистонда_Пойтахт_куни_нишонланади
Қозоғистонда 6 июлда давлат байрами – Пойтахт куни кенг нишонланади. Жорий йилда Остона 20 йиллигини нишонлайди.
(last modified 2018-08-22T13:25:53+00:00 )
июл 06, 2018 11:17 Asia/Tashkent
  • Остона
    Остона

Қозоғистонда 6 июлда давлат байрами – Пойтахт куни кенг нишонланади. Жорий йилда Остона 20 йиллигини нишонлайди.

1998 йил 10 июлда Остонанинг Қозоғистоннинг янги пойтахти сифатидаги халқаро тақдимоти бўлиб ўтган. Байрам 2008 йилгача шаҳар даражасида айнан шу куни нишонлаб келинган. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев шу йили қонунчиликка 6 июлни “Пойтахт куни” давлат байрами сифатида нишонланиши кўзда тутилган ўзгартиришлар киритган.   

Шунингдек, 6 июль Нурсултон Назарбоевнинг туғилган куни бўлиб, бу йил Элбаси 78 ёшини қаршилайди. 

Пойтахтнинг юбилейига тайёрланиш давомида Қозоғистонда “Вилоятлар Остонага туҳфа сифатида” дастури амалга оширилган. Бу дастур доирасида вилоятлар Остонадаги турли объектлар қурилиши ва реконструкциясида иштирок этган. Мисол учун, Остонага янги болалар боғчаси, спорт-кўнгилочар боғи, Есил дарёси орқали велопиёда кўприги, мусиқий фаввора, пиёдалар хиёбонлари, дўстлик уйи ва бошқа объектлар туҳфа қилинган. 

Қозоғистон президенти Остонанинг 20 йиллиги нишонланишига 4 июлда “Атамекен” ёдгорлик мажмуасида Қозоғистон байроғини кўтариш билан старт берди. Назарбоев тантанали нутқида Остонани бугун бутун дунё билишини таъкидлаб ўтган.

“Мовий байроқ остида бугун биз пойтахтнинг 20 йиллигига бағишланган тадбирларга старт берамиз. 20 йил тарих учун гўёки бир лаҳзадек. Остона даштда икки аср туташуви вақтида қурилган ер юзидаги ягона шаҳардир”, деб айтган Назарбоев.

Шу куни Остона ва бутун Қозоғистон бўйлаб “Пойтахт куни”га бағишланган турли маданий тадбирлар, концертлар, спорт беллашувлари, санъат фестиваллари, фотосуратлар танловлари бўлиб ўтади.

Остона пойтахт мақомини 1994 йил 6 июлда, Қозоғистон олий кенгаши пойтахтни Олмаотадан Оқмолага (Остонанинг аввалги номи) кўчиришга қарор қилганда олган. Расман пойтахт 1997 йил 10 декабрда кўчирилган, 1998 йил 6 майда эса Оқмола Остона деб қайта номланган.