Ўзбекистон ва Тожикистон Термизда нималар ҳақида келишиб олди?
Термиз шаҳрида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон Бош вазири Қохир Расулзода раҳбарлигида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда икки давлат вазирлик ва идораларининг вакиллари иштирок этди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ТИВ.
Хабарда қайд этилишича, очиқ ва конструктив руҳда ўтган мажлисда сўнгги йилларда икки қўшни мамлакат ўртасидаги яқин дўстлик, ҳамкорлик алоқалари янги босқичда ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланган.
Таъкидланишича, ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Тожикистон ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиб бораётгани халқларнинг туб манфаатларини таминлашда муҳим омил бўлмоқда. Шунга мувофиқ чегаралар очилди. Мамлакатлар ўртасида ҳаво, темир йўл ва йўналишли автобус қатновлари йўлга қўйилди. Савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар алоқалар янги босқичга кўтарилди. Икки қўшни давлат етакчи корхоналари ва ишбилармон доираларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлигига хизмат қиладиган саноат кўргазмалари, бизнес форумлар ташкил этилди. Бу ишлар икки томонлама узоқ ҳамкорлик алоқаларини кенг йўлга қўйиб, товар алмашиш ҳажмининг ўсиб боришида муҳим ўрин тутмоқда. Буларнинг барчаси давлатлар раҳбарларининг яқин қўшничиликка асосланган юқори даражадаги фаол алоқалари самарасидир.
Тадбирда икки мамлакат Ҳукумати делегациялари томонидан Ҳукуматлараро комиссиянинг 5-йиғилиши давомида эришилган келишувларнинг амалий натижалари сарҳисоб қилинди.
“Шунингдек, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика, маданий-гуманитар ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, мазкур йўналишлардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан тегишли келишув имзоланди.