Туркманистоннинг янги конституциясига кўра президентлик муддати узайтирилди
Туркманистоннинг янги конституциясига кўра президентлик муддати узайтирилди
Туркманистон парламенти (Мажлис) президентликка номзодлар учун ёш чекловини бекор қилинган янги конституцияни бир овоздан қабул қилди. Шунингдек, янги конституцияга биноан президентлик муддати 5 йилдан 7 йилгача узайтирилган. Бу ҳақда Исна ахборот агентлиги хабар берди. Янги конституцияни қабул қилиш учун овоз бериш Туркманистон Оқсоқоллар кенгаши йиғилишида бўлиб ўтди. Унда ҳукумат вакиллари ҳам иштирок этди.
«Республика президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов йиғилишда ушбу қонунга имзо чекди ва шу пайтдан бошлаб ҳужжат қонуний кучга кирди», дейилган хабарида. «Туркманистонда янги конституция қабул қилиниши — мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ривожланишнинг янги босқичига ўтганидан далолатдир. Туркманистоннинг янги конституцияси халқаро ҳуқуқнинг тан олинган нормалари асосида халқаро қонунчилик тажрибаси инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган», — дея қайд этган Гурбангули Бердимухаммедов. Эслатиб ўтамиз, бундан олдинги конституцияга кўра, Туркманистонда туғилган, 40 ёшдан кичик бўлмаган ва 70 ёшдан ошмаган шахс Туркманистон президентлиги учун номзод сифатида кўрсатилиши мумкин эди. Янгиланган Асосий қонунда «70 ёшдан катта бўлмаган» деган меъёр олиб ташланган.