Душанбеда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Тожикистон президенти қабулида бўлди
Душанбе шаҳрига 18 февраль куни амалий ташриф билан борган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон қабулида бўлди.
Комилов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга йўллаган мактубини топширди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг долзарб масалалари, олий даражадаги ташрифлар доирасида эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилди.
Марказий Осиёдаги давлатлараро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Товарлар экспортини кенгайтириш, янги транспорт коридорларини йўлга қўйиш ва минтақавий бозорларни ўзлаштириш имкониятлари батафсил муҳокама қилинди.
Учрашувда олий ва юқори даражадаги бўлажак учрашувлар жадвали, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.