Қозоғистоннинг Тараз шаҳри аҳолиси Ўзбекистонда АЭС қурилишига қарши чиқмоқда
Қозоғистоннинг Тараз шаҳри аҳолиси Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси қурилишига қарши чиқаётганини Қалампир сайти хабар қилган.
Хабарга асосан, маҳаллий аҳоли “кенг кўламли ва хавфли лойиҳани қўшни давлатлар билан ҳамкорликда қуриш керак”, деб ҳисоблайди.
“Чернобил фожиасини эсланг, қанча одам ногирон бўлиб қолди. Мен уларнинг кўпчилиги билан танишман. Бу нима учун керак? Мен бунга қаршиман ”, дейди маҳаллий аҳоли вакили.
Маҳаллий аҳолининг фикрига кўра, ушбу қурилаётган АЭС фақатгина зарар келтиради ва улар бу лойиҳани қўллаб-қувватламаслигини билдирган.
Қозоғистонлик экологлар атом электр станцияси икки давлат чегараси яқинида қурилса, чиқиндилар хавф туғдиришидан огоҳлантирган. Уларнинг фикрича, АЭС қурилишида фақат иқтисодий омиллар ҳисобга олиниб, табиат эътибордан четда қоляпти.
“Биз учун бу фойдали ва қиммат бўлмаган электр ҳисобланади. Лекин, ижтимоий вазиятни ҳам унутмаслигимиз керак. Қаерда корхона қурилмасин, атом электр станциясининг радиоактив чиқиндилари сув, ҳаво ва ҳатто қум орқали бизга зарар келтиради”, дейди экологлардан бири.