феврал 02, 2022 11:36 Asia/Tashkent
  • Покистон ва Туркманистон расмийлари Афғонистон бўйича маслаҳатлашди
    Покистон ва Туркманистон расмийлари Афғонистон бўйича маслаҳатлашди

Туркманистон ва Покистон расмийлари Исломободда манфаатдор масалалар, жумладан, минтақавий хавфсизлик ва Афғонистондаги ўзгаришларни муҳокама қилдилар.

Сешанба куни Исломободда Покистон армияси қўмондони ва Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Афғонистондаги воқеалардан хавотир билдирдилар ва афғон халқига ёрдам кўрсатиш жараёнини тезлаштиришга чақирдилар, деб хабар берди ИРИБ агентлиги Исломободдан.

“Кеча Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Випа Ҳажиев Покистонга ташрифи чоғида Покистон армияси қўмондони генерал Қамар Жавед Бажва билан учрашиб, Афғонистондаги воқеаларни муҳокама қилди”, — дейилади Покистон армияси баёнотида.

“Учрашув давомида манфаатдор масалалар, минтақавий хавфсизлик ҳолати ва Афғонистон учун гуманитар ҳаракатлар бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинди”, — дейилади баёнотда.

“Покистон Афғонистонда барқарорликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқда ва халқаро ҳамжамиятни мамлакатдаги инқирозни бартараф этишга чақиради.", Покистон армияси қомондони

Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари ҳам Покистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, сиёсий ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш йўлидаги кенг қамровли саъй-ҳаракатларга содиқлигини юқори баҳолади ва бу борада икки томонлама ҳамкорликни ошириш зарурлигини таъкидлади.

“ТАПИ” деб номланган Туркманистон-Афғонистон-Покистон газ қувури лойиҳасининг сўнгги ҳолатини кўриб чиқиш ва бу лойиҳани имкон қадар тезроқ якунига эътибор қаратиш икки давлат расмийлари ўртасидаги маслаҳатлашувнинг бошқа мавзулари бўлди.

Ёрлиқ