Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида Ўзбекистон автобуси ЙТҲга учради
(last modified Fri, 13 May 2022 06:39:35 GMT )
май 13, 2022 11:39 Asia/Tashkent
  • Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида Ўзбекистон автобуси ЙТҲга учради
    Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида Ўзбекистон автобуси ЙТҲга учради

Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида Ўзбекистон давлат рақамига эга бўлган автобус ЙТҲга учраганида 33 киши жароҳат олди.

Жароҳат олганлардан  3 нафари оғир аҳволда эканлигини Спутник хабар қилган.

Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Фавқулодда вазиятлар департаменти матбуот хизмати хабарига кўра, ЙТҲ "Олмаота-Тошкент" автомобиль йўлининг 571-километрида, Жамбил вилояти, Жуалин тумани, Бауйржан Момишули қишлоғидан олти километр узоқликда 12 май куни соат 15:50 атрофида содир бўлган.

Хабарга кўра, автобусда Ўзбекистон фуқаролари бўлган. ЙТҲ оқибатида ҳайдовчининг ёрдамчиси ва бир нафар йўловчи қурбон бўлган, 33 киши касалхонага ётқизилгани, улардан уч нафари реанимацияда, - дейилади хабарда.

Дастлабки маълумотларга кўра, об-ҳаво шароитининг ёмонлашиши (ёмғир ва дўл, таҳр.) туфайли автобус ҳайдовчиси бошқарувини йўқотиб, шу йўналишда ҳаракатланаётган трактор тиркамаси билан тўқнашиб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 345-моддаси 4-қисми (Транспорт воситасини бошқараётган шахс томонидан икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан терговга қадар текширув қўзғатилган.