Ўзбекистон бош вазири Хитой Давлат кенгаши бош вазири билан учрашди
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Хитой Давлат кенгаши бош вазири Ли Сян билан учрашди
Ўзбекистон Бош вазири матбуот хизматига таяниб, Спутник сайтининг хабар қилишича, Шанхайда 5-10 ноябрь кунлари еттинчи Хитой халқаро импорт маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон бош вазири бошчилигидаги ҳукумат делегацияси фахрий меҳмон сифатида иштирок этмоқда.
Хитой бош вазири билан учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бораётгани қайд этилди.
“2023 йилда савдо айланмаси 14 млрд долларга етди. Давлатлар раҳбарлари ҳукуматлар зиммасига унинг ҳажмини 20 млрд долларга етказиш вазифасини қўйган. Мазкур топшириқ ижросини таъминлашда барча имкониятлар мавжудлиги, бунинг учун эса ўзаро саъй-ҳаракатлари бирлаштириш лозимлиги билдирилди”, — дейилади хабарда.
Ўзбекистон ва Хитой расмйлари учрашувида савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, саноат, инфратузилма, транспорт-логистика, “яшил” энергетика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, IT, таълим, туризм, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.