Ўзбекистон ТИВ раҳбари Баҳрайнда қатор расмийлар билан мулоқот қилди
https://parstoday.ir/uz/news/middle_asia-i97518-Ўзбекистон_ТИВ_раҳбари_Баҳрайнда_қатор_расмийлар_билан_мулоқот_қилди
Бахтиёр Саидов Баҳрайнга расмий ташрифи доирасида мамлакатнинг юқори мартабали амалдорлари билан учрашувлар ўтказди.
(last modified 2025-08-22T12:54:11+00:00 )
август 21, 2025 14:05 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ТИВ раҳбари Баҳрайнда қатор расмийлар билан мулоқот қилди
    Ўзбекистон ТИВ раҳбари Баҳрайнда қатор расмийлар билан мулоқот қилди

Бахтиёр Саидов Баҳрайнга расмий ташрифи доирасида мамлакатнинг юқори мартабали амалдорлари билан учрашувлар ўтказди.

Ўзбекитон ТИВ раҳбари хусусан, Баҳрайн Подшоҳлиги бош вазири ўринбосари Шайх Холид бин Абдулло Ал Халифа билан учрашди.

Спутник сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон ва Баҳрайн Подшоҳлиги ўртасидаги ҳамкорликнинг барча йўналишлари муҳокама этилди.

Ўзбекистон ва Баҳрайн ҳукуматлари дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида жадал ҳаракат қилмоқда.

Иқтисодиёт, маданият, таълим ҳамда геосиёсат каби йўналишларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Саидов Баҳрайн Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири Абдуллатиф бин Рашид ал-Заяний билан ҳам мулоқот қилди.

Музокаралар давомида икки давлат ўртасида сиёсий мулоқотни кенгайтириш, савдо, инвестициялар ва институционал тажриба алмашишни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, минтақавий ва глобал ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари кўриб чиқилди.

Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Саидов Баҳрайн Подшоҳлиги молия ва миллий иқтисодиёт вазири Шайх Салмон бин Халифа Ал-Халифа ҳамда “Bahrain Mumtalakat Holding Company” бош ижрочи директори Шайх Абдулло бин Халифа Ал-Халифа билан ҳам учрашув ўтказди.

Музокараларда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш ва бошқа масалалар муҳокама этилди.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари, шунингдек, Баҳрайн Подшоҳлиги саноат ва савдо вазири Абдулла Адел Фахро билан ҳам учрашди.