Ислом Каримовнинг қайинжияни Акбарали Абдуллаев Украинадан ғойиб бўлди
Жаҳон ОАВ хабарига кӯра Украина қочқин мақоми берган Акбарали Абдуллаев¸ бу мамлакатни тарк этган. Украина Миграция хизмати Абдуллаевга қочқин мақомини жорий йилнинг 14 июнида берган эди.
Ўзбекистон томонидан оғир молиявий жиноятлар¸ хусусан¸ давлатга қарийб 1 миллиард доллар зиëн етказганликда айбланиб¸ Украинадан экстрадицияси сўралган Абдуллаевнинг ҳозирда қайси мамлакатда экани маълум эмас.
Киевга хусусий самолëтда учиб келган пайтида қўлга олинган Абдуллаевнинг яна хусусий самолëтда Украинани тарк этган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Акбарали Абдуллаев 2017 йилнинг 14 январь куни Киевнинг “Жуляни” аэропортида Ўзбекистон томонидан Интерпол орқали берилган халқаро қидирув асосида ҳибсга олинган эди.
Ўзбекистонни 27 йил идора қилган Ислом Каримовнинг хотини Татъяна Каримованинг¸ айтилишича¸ эрка жияни бўлган 34 яшар Акбарали Абдуллаев¸ водийда “Фарғона шаҳзодаси” деб танилган.
2012 йилга қадар Фарғона водийсидаги сердаромад бизнес тизимларини тўлиқ назоратида ушлаб келгани айтиладиган Акбарали Абдуллаев бизнес империяси таркибида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи¸ Қувасой цемент заводи¸ "Фарғона текстиль", "Silver Silk", "Кварц", "Қувасой текстиль","Қувасойпромстрой" каби фабрика ва ширкатлар¸ ўнлаб савдо мажмуалари¸ "Осиë" меҳмонхоналар тармоғи бўлган.
Абдуллаев 2013 йилнинг 10 октябрида оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб, шахсан Ислом Каримовнинг буйруғи билан ҳибсга олинган ва 2014 йил ноябрида дастлаб 15 йилга озодликдан маҳрум этилган, сўнгра жазо муддати 6 йилу 6 ой этиб белгиланган эди. 2016 йил август ойи охирида (Ислом Каримов вафоти арафасида) берилган муддатни ўтаб бўлди¸ деган асосда озодликка чиқарилган Акбарали Абдуллаев¸ Каримов ўлимидан кўп ўтмай¸ октябрь ойида янги паспорт билан Ўзбекистондан чиқиб кетган.
Мамлакатни тарк этишидан бир ой ўтиб-ўтмай¸ Ўзбекистон Бош прокуратураси Абдуллаевни Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича давлат мулкини ўзлаштириш, чет эл валютасини яшириш, мансабга совуққонлик билан қараш ва жиноий фаолиятдан олинган юзлаб миллион долларни ювишда айблаб¸ унга қарши янги жиноий иш очди.
26 январь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ана шу иш асосида Абдуллаевни ўз ихтиëрига топширишни сўраб¸ Украина Бош прокуратурасига расмий сўровнома юборди.Шундан сўнг Киев суди Бош прокуратура экстрадицион текширув масаласида узил-кесил қарор бергунга қадар¸ Абдуллаевни бир йилгача ҳибсда сақлаш ҳақида ҳукм чиқарди.
14 июнь куни Украина Миграция хизмати¸ ўтмишда кўрилмаган тезлик билан¸ Абдуллаев иши юзасидан қарор чиқарди ва унга қочқин мақомини берди. Ўз ватанида ҳаëти хавф остида деб ишонилган хорижликларга бериладиган бу мақом¸ Абдуллаевнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш эҳтимолини деярли йўққа чиқарди.
Миграция хизмати қарори арафасида¸ Акбарали Абдуллаевнинг адвокатлари талаби билан Интерпол орқали унга берилган халқаро қидирув ҳам бекор қилинди.