Ўқувчисини калтаклаган ўқитувчи судга тортилди
(last modified Tue, 17 Oct 2017 06:14:29 GMT )
октябр 17, 2017 11:14 Asia/Tashkent
  • Абдувакил Турдимуродов калтакланган куни олинган сурат.
    Абдувакил Турдимуродов калтакланган куни олинган сурат.

Жиззах вилоят, Ғаллаорол тумани Лалмикор саноат коллежи ўқувчиси Абдувакил Турдимуродовни калтаклаганликда айбланган ўқитувчи Беҳзод Убайдуллаевнинг иши маҳкамага оширилди. Абдувакилнинг  айтишича, ўқитувчиси уни аёвсиз калтаклагани оқибатида 9 кун касалхонада даволаниб чиққан.

Воқеа 21 сентябрь куни Лалмикор саноат коллежи ҳудудида содир бўлган. Ушбу коллежнинг 2- курсида ўқийдиган Абдувакил Турдимуродовнинг айтишича, у курсдошлари билан ҳазиллашиб, туртишиб тургани устига келган ўқитувчилар уни калтаклаш йўли билан “тарбиялашган”:

- Ибодуллаев Беҳзод домла келиб қолди. Кейин "Нима бўлди деди?". "Ҳазиллашиб тургандик" дедим. "Сизлар ўзларингча катта бўлиб қолгансизлар. Бир-бирингдан кечирим сўра" деди. "Урушганимиз йўқ. Келишиб олдик" десам, чап томонимга бир урди, юзимга. "Ҳали сен менинг гапимни иккита қиладиган бўлдингми?", деди ва учинчи этаждаги ўқитувчилар хонасига олиб кириб кетди. Хонага олиб киргандан кейин кўйлагимнинг ёқаларини йиртиб ташлади. Яна бир-икки урди юзимга муштлаб. Энкайиб қолувдим, тиззаси билан 4-5 марта бошимга тепди. Кейин Ҳайитбоев Ойбек домла келди, "Нимага сен, муаллим билан ўчакишаяпсан", деб, у ҳам икки марта орқа томонимга тепди. Бетларимга ҳам шапатилаб, уриб ташлади,- дейди Абдувакил.

Абдувакилнинг отаси Сайдулла Ҳайдаров ўғлининг калтакланишида коллежнинг уч ўқитувчиси- Беҳзод Убайдуллаев, Ойбек Ҳайитбоев ва Ҳамза Абдушукуровларга нисбатан жазо кўрилишини талаб қилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят қилган.

Ўқувчини калтаклаган ўқитувчи устидан суд жараёни қачон бошланиши ҳозирча маълум эмас.

Ёрлиқ