Рустам Азимов Ислом Каримовга ёлғон ҳисобот беришда айбланди
ЎзАда чоп қилинган мақолада собиқ молия вазири Рустам Азимов ва вазирликдаги бошқарма бошлиғи Элла Острогожская марҳум Президент Ислом Каримовга ёлғон ҳисобот беришда айбланди.
Президент Мирзиёев бир неча бор танқид қилган собиқ амалдор Элла Острогожская ҳақида расмий мақола чиқди.
Элла Острогожская кўп йиллар Молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармасининг бошлиғи лавозимида ишлаган.
ЎзАдаги мақолада собиқ амалдорнинг республика иқтисодиётига ва давлат бюджетига катта зарар етказгани ёзилган.
Мақолада ёзилишича, у "собиқ вазир билан тил бириктириб Давлат раҳбарига ёлғон ҳисобот беришни одатий ҳолга айлантирган".
"Вазият шунгача борганки, Э.Острогожская собиқ вазир ва Ходимлар бошқармасининг собиқ бошлиғи билан тил бириктириб, вазир ўринбосарларига ҳам тазйиқ ўтказа бошлаган. Ўзига ёқмаганларнинг лавозимини пасайтирган ёки уларни ишдан бўшатиб, қутилиб қўяқолган"
ЎзАнинг ёзишича, давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда халқининг энг зарур эҳтиёжлари умуман ҳисобга олинмаган.
ЎзА берган хабарда собиқ амалдорнинг сурати берилмаган. Элла Острогожскаянинг суратини интернетда ҳам топилмайди. У ва собиқ молия вазири Рустам Азимов жиноий жавобгарликка тортиладими?