Ислом Каримов Британиядан сиёсий бошпана сўради
https://parstoday.ir/uz/news/uncategorised-i28993-Ислом_Каримов_Британиядан_сиёсий_бошпана_сўради
Ўзбекистоннинг марҳум президенти невараси Ислом Каримов Британия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўраган.
(last modified 2021-06-18T08:44:46+00:00 )
Январ 29, 2018 17:08 Asia/Tashkent
  •  Ислом Каримов Ўзбекистонга қайтса, ўн онаси ва синглиси билан бирга ўлдирилишини айтганди.
     Ислом Каримов Ўзбекистонга қайтса, ўн онаси ва синглиси билан бирга ўлдирилишини айтганди.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти невараси Ислом Каримов Британия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўраган.

Бу ҳақида Би-би-сига Ислом Каримовнинг Лондондаги адвокатларига яқин манба маълум қилди.

Би-би-си мазкур маълумотни тасдиқлаш учун ўтган йилнинг 20 декабрида Ислом Каримовга боғланганида, у қуйидагича жавоб берди:

"Ҳа, юридик процедуралар ва ҳужжатлар тайёр бўлиши биланоқ бу йил бошпана сўрайман. Онамга боғлиқ йирик ўзгариш юз берди. Бу қаттиқ сир сақланмоқда, аммо у борасида қилинадиган эълон ҳақида менга қатор хабарлар етиб келди. Бунга ақл бовар қилмайди, ақли жойида бўлган одам тасаввур ҳам қила олмайди."

Бу хабар ҳақида қайта-қайта батафсил сўралганида, Ислом Каримов жавоб бермади. Би-би-си манбасига кўра, унга адвокати АҚШдан бошпана сўрашни тавсия қилган, аммо у Британияни танлаган.

Марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич невараси ўз онаси Гулнора Каримовага қарши Ўзбекистонда таъқиблар бошланганидан бери Британияда яшаб келади.