ЖЧ-2018. Аргентина ва Месси бир амаллади!
Жаҳон чемпионатининг "D" гуруҳидаги интрига сўнгги сонияларгача сақланиб қолгани билан ёдда қоладиган бўлди. Мусобақани жуда ёмон бошлаган Аргентина терма жамоаси якунда кейинги босқичга чиқишга муваффақ бўлди.
Аргентиналиклар ниҳоят ўз ўйинларини топгандек бўлишди. Улар Нигерияга қарши баҳснинг 15-дақиқасида ҳисобни очишди. Банега майдон марказидан олдинги чизиққа узатма берди. Месси ҳимоячилар ортидан отилиб чиқди, тўпни эгаллади ва яккама-якка вазиятда ўнг оёқда зарба бериб, дарвозани ишғол қилди. Бу Лионелнинг ЖЧ-2018даги илк голи эди.
Учрашувнинг 34-дақиқасида рақиб ҳимоячилари ўз жарима майдончалари остонасида Ди Марияни чалиб йиқитишди. Лео Месси томонидан йўлланган зарба натижасида тўп дарвоза устунига тегиб қайтди.
Иккинчи бўлим бошида тажрибали Хавьер Маскерано "қовун" туширди. Нигерияликлар бурчак тўпини ўйинга киритган пайтда "Барса"нинг собиқ ҳимоячиси рақиб ҳужумчисини қўли билан тортиб йиқитди. Белгиланган пенальтини Виктор Мозес хотиржамлик билан амалга ошириб, мувозанатни тиклади.
Бу гол "альбисилесте"га руҳан салбий таъсир кўрсатган бўлса, африкаликлар ҳимояда ишонч билан ҳаракатлана бошладилар. Қарши ҳужумда эса улар ҳаттоки гол уришга яқин келдилар. Ўйин тугашига 7 дақиқа қолганида Игало ўткир бурчак остида Аргентина посбони Армани билан яккама-якка вазиятга чиқди ва зарба берди. Дарвозабон эса зарбани қайтаришга муваффақ бўлди.
Ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида эса Хорхе Сампаоли шогирдлари ғалабани илиб кетишга муваффақ бўлишди. Ўнг қанотдан етказилган узатмани Маркос Рохо ерга туширмасдан Нигерия дарвозасига жойлаб қўйди.
Бу пайтда параллел кечаётган Исландия-Хорватия баҳсида дуранг қайд этилаётган эди. Агар Исландлар битта гол уриб, ғалаба қозонишганида плей-оффга улар йўл олишарди. Аммо хорватлар тезда гол уришди ва Аргентинага бироз хотиржамлик бағишлади. Месси жамоадошлари сўнгги дақиқаларда тўни назорат қилиш эвазига вақтни чўзди ва ғалабани сақлаб қолди.
Шу тариқа, Аргентина терма жумоаси жуда катта қийинчилик билан "D" гуруҳидан плей-оффга чиқди. Нимчорак финалда уларни Франция терма жамоаси кутиб турибди.
ЖЧ-2018, "D" гуруҳи, 3-тур
Нигерия – Аргентина 1:2 (0:1)
Голлар: 0:1 – 14 Месси, 1:1 – 51, пенальти Мозес, 1:2 – 86 Рохо.
Нигерия – Узохо, Балогун, Омеруо (Ивоби, 90), Идову, Трост-Эконг, Мозес, Ндиди, Этебо, Оби Микел, Муса (Нванкво, 90), Ихеаначо (Игало, 46).
Аргентина – Армани, Рохо, Отаменди, Тальяфико (Агуэро, 80), Маскерано, Перес (Павон, 61), Банега, Ди Мария (Меса, 72), Меркадо, Месси, Игуаин.
Огоҳлантиришлар: Балогун (32), Маскерано (49), Банега (64), Оби Микел (90), Месси (90).
Манба: stadion.uz