июн 27, 2018 09:22 Asia/Tashkent
  •  Шаҳноза Нуруллаева саккиз йилдирки Британияда шифокор бўлиб ишлайди.
     Шаҳноза Нуруллаева саккиз йилдирки Британияда шифокор бўлиб ишлайди.

Британиядаги ўзбек гинеколог: "Нега Ўзбекистон ҳукумати бепул хизмат таклифимга ҳам жавоб бермайди?" Шаҳноза Нуруллаева -- Акушер-гинеколог, Британия

Бугунги конгрессда Грециянинг Соғлиқни сақлаш вазири Андреас Ксантос Суриядаги уруш туфайли муҳожирлар оқими кучайиб, Грециянинг Соғлиқни сақлаш соҳаси деярли инқироз ёқасига келиб қолгани ҳақида гапирди.

Бу конгрессга шунча йилдан бери келаман, лекин Ўзбекистондан ҳеч кимни кўрмайман.

Мен Ўзбекистан фуқароси бўлиб туриб Греция халқининг қанчалик одамгарчилигига, Соғлиқни сақлаш вазирининг шунчалик камтаринлигига ва бутун дунё акушер-гинекологларидан ёрдам сўраб бемалол гапиришига қойил қолдим!

Охирги йилларда ҳар хил йўллар билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан алоқа қилмоқчи бўлдим. Ўзим акушер-гинеколог бўлиб Британияда олган тажрибамни ўз халқимга текинга узатишни ва келажакда соғлом авлодни ўстириш йўлида ёрдам беришни истайман.

Ўзбекистон аёллари соғлигини яхшилаш, ҳомила давридаёқ эмбрионнинг эҳтимолий касаллигини вақтида аниқлаб диагноз қўйиш, ҳомиладорга ўз вақтида керакли йўл-йўриқни кўрсатиш каби дастурни тузишга ҳаракат қилдим.

Лекин, портал ва бошқа йўллар орқали ҳеч қандай алоқа ўрната олмадим. Нега? Чунки бизнинг вазирлигимизда менга ўхшаган одамларга вақт йўқ.

Президент Мирзиёев шунча гапирса ҳам, тизим ўша.

Ўзбекистонда ногирон туғилган болалар йўқми? Ёки аёллар иккиқатлигида дучор бўладиган касалликлардан вафот этмайдими?

Шунча эркакларимиз Россияга кетиб ишлаб келгач, турли касалликларни аёлларига юқтириши оқибатида 37 ҳафта олдин туғилган болалар йўқми? ВИЧ вируси билан туғилган болалар йўқ, деб ўйлайсизми?

Бу муаммоларнинг бари қачонгача кўрпачанинг тагига супуриб қўйилади? Ўзбекистон халқи қачон тараққиётга интилади?

Агар кимдир менинг бу хатимни тегишли идора ё одамларга етказса ва менга ўз тажрибамни халқим билан ўртоқлашишга ёрдам берса, мен ўз халқимнинг аёлларига ва ҳали туғилмаган келажак авлоди соғ-саломат ўсишига ҳиссамни қўша олсам, бениҳоят бахтли бўлардим.

Ёрлиқ