июн 27, 2018 21:26 Asia/Tashkent
  • ЖЧ  2018
    ЖЧ 2018

Жаҳон чемпионатида биринчи катта сенсация қайд этилди.

Чемпионликка асосий даъвогар сифатида қаралаётган, қолаверса, амалдаги жаҳон чемпиони Германия мундиални шармандаларча тарк этди. Энг ҳайратланарлиси, “немис машинаси” гуруҳ босқичи сўнгги турида Жанубий Корея терма жамоасига 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Қитъадошларимизни ҳурмат қилган ҳолда айтамизки, бу Германия учун чинакам шармандали натижа бўлди. Хўш, бу мағлубиятларнинг сабаби нима?

ЕТАРЛИЧА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИЛМАДИ

Йоахим Лёв бошчилигидаги Германияни аввал жаҳон чемпионлиги, кейин эса Европа чемпионлиги анча хотиржам қилган кўринади. Лёв Германиянинг ёшарган таркиби билан Европа чемпиони бўлгач, жаҳон чемпионатини ҳам қойиллатаман деб ўйлади, аммо бу жаҳон чемпионати, Европа чемпионати эмас. Бу ерда Мексика ва Жанубий Корея каби терма жамоалар ўйнайди. Ортиқча хотиржамликка берилиш салбий оқибатларга олиб келади.

НОТЎҒРИ ТАРКИБ

Лёвнинг энг катта хатоси — таркиб. Биринчидан, дарвозани Нойер эмас, Тер Штеген қўриқлаши керак эди. Иккинчидан, мураббий жаҳон чемпионатига мундиал талабларига жавоб бера оладиган таркиб хусусан ҳужумчи билан ташриф буюрмади. Мюллернинг даражаси ҳали жаҳон чемпионати даражасига жавоб бермайди, Марио Гомес эса бундай даражадаги мусобақаларга арзимай қолган. Хўш, Лёвда бошқа вариантлар йўқмиди? Бор, кўпчилик айни дамда мусобақага чақирилмаган Лерой Сане ва бошқа футболчиларни эслаётгандир. Йоахим Лёв эса ўзининг иқтидорига ортиқча ишониб юборди.

Қолаверса, таркибдаги футболчиларнинг кўпи жаҳон чемпионати талабига жавоб бермайди. Бу фикримизни немисларнинг тўпга устунлик қила туриб, рақиб дарвозаси томон бирорта ҳам хавфли зарба бера олмагани исботлаб турибди. Ахир ҳал қилувчи Жанубий Кореяга қарши ўйинда ҳам немислар бирорта яққол хавфли вазият ярата олишмади.

Хуллас, Германия кутилмаган, аммо ҳақли тарзда мусобақани тарк этди. Чунки аутсайдерни ҳам мағлуб эта олмаган жамоа мундиалда қолишга ҳақли эмас. Аммо умид қиламизки, Германиянинг мана шу таркиби 2022 йилги жаҳон чемпионатида ғолибликка асосий даъвогарга айланади.

ГЕРМАНИЯГА МЕССИ ЕТИШМАДИМИ?

Германия таркибида Месси каби етакчи, мураббийнинг хатоларини тузата оладиган футболчи етишмади. Аргентина Сампаолининг тактикалари ожиз қолган бир пайтда Мессининг тажрибасида суяниб, керакли натижага эришганди. Германияда ана шундай футболчи йўқ эди. Бироқ ишонамизки, 2022 йилгача немислар бундай “Месси”лардан кўплари тўп сураётган бўлади.

 

Ёрлиқ