Алишер Усмонов Ўзбекистондаги бизнес лойиҳалари, хайр-саховат ва «Пахтакор» ҳақида
Россиялик бизнесмен, USM Holdings холдинги асосчиси Алишер Усмонов "Россия 1" телеканалига берган интервьюсида Ўзбекистондаги лойиҳаларга киритаётган инвестициялари ҳақида сўз юритди.
"Бизнесда фақат ёрдам бераман. Мен эгаси, акционери бўлган компаниялар кооперацияга бор кучи билан ёрдам беришади. Буни Ўзбекистондаги металлургия заводи мисолида кўришимиз мумкин. Биз учун у хомашё сотиладиган бозор, комбинат учун эса рақобатбардош металлар яратиш учун ажойиб сифатли хомашё", – деди у.
Усмоновнинг сўзларига кўра, "Металлоинвест" компанияси икки-уч йилдан буён комбинатга ўз маҳсулотларини етказиб беряпти.
"Анчагина катта ҳажмда, йилига қарийб юз миллион долларлик брикетланган қайноқ темир етказиб бермоқдамиз", – деди бизнесмен.
Бундан ташқари, Алишер Усмонов ўзбек футболига бефарқ эмаслигини билдирди.
"Бу ерга дўстларимнинг маслаҳати билан келдим, энг биринчи севимли клубим бўлган “Пахтакор”га ёрдам бераман. Мен бу клубни қайтадан тиклашга киришишни истаганларга дарҳақиқат ёрдам бераман", – деди у.
Унинг клуб акционери бўлишга тайёрлиги ҳақидаги саволга Усмонов "агар буни айтадиган бўлсам, уни сотишни истаётганлар қимматроқ нарх айтишлари мумкин”, дея ҳазил билан жавоб қайтарди.
Унинг акционерлар таркибига кириши борасида музокаралар олиб борилаётганлиги ёки йўқлиги ҳақида берилган саволга эса бизнесмен аниқ қилиб "йўқ, лекин ҳозирча таклифлар оляпман", деди.
Алишер Усмонов клубнинг янги стадиони қурилиши учун 20 миллион доллар ажратганини билдирди.
Усмонов шунингдек, Ўзбекистонда маданий лойиҳалар бўйича ҳам иш олиб бораётганини маълум қилди.
"Биз Ўзбекистонда ислом тарихий меросни тиклаш бўйича катта инвестицион режа тузганмиз. Хусусан, масжидлар, биринчи навбатда эса Ислом цивилизация маркази қурилиши борасида", – деди у.