Шавкат Мирзиёев Самарқандда янги қурилган уйлардаги хонадонлардан бирида меҳмон бўлди (фотожамланма)
(last modified Sun, 13 Jan 2019 07:29:34 GMT )
Январ 13, 2019 12:29 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Самарқандда янги қурилган уйлардаги хонадонлардан бирида меҳмон бўлди (фотожамланма)

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳри Қорасув массивида қурилаётган замонавий аҳоли массивини бориб кўрди

Самарқанд шаҳри аҳолисининг уй-жойга эҳтиёжи юқорилигини инобатга олиб, 2018 йилги дастурга қўшимча равишда кўп қаватли арзон уйлар қуриш киритилган эди.

2018 йилнинг ўзида жами 1 минг 344 хонадондан иборат 32 та 7 қаватли кўп қаватли арзон уй барпо этилди. Бундан ташқари, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия хизматчилари ва ёш оилаларга мўлжалланган 5 қаватли 12 та турар жой қуриб, фойдаланишга топширилди.

Шу билан бирга, ҳудудда хусусий боғча, шаҳар ички ишлар бўлими, савдо ва маиший хизмат мажмуаси, «Registon» супермаркети қуриб битказилди. 540 ўринли умумтаълим мактаби қурилиши якунланмоқда.

Шу тариқа бу ерда қисқа фурсатда замонавий аҳоли массиви қад ростлади. Янги уйларда одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча қулайликлар эътиборга олинган.

Давлат раҳбари Жасур Турсунқулов ва Жамшид Каттақуловлар оилалари кўчиб кирган янги хонадонларни кириб кўрди, уй соҳиблари билан суҳбатлашди.

Президент турар-жойлар қурилишининг одамлар ҳаётидаги, ҳудуд инфратузилмасидаги аҳамиятига тўхталди.

Самарқанд туризм маркази бўлиши керак. Шунинг учун бу ерда кўп қаватли уйлар қурилишини кўпайтирамиз. Шаҳар марказида энг замонавий талабларга жавоб берадиган уйлар қурилиб, аҳолини таъминлаймиз. Уйларни қуришдан олдин унинг эгаси, қайси қаватда, неча хонали уйда яшашигача аниқ бўлиши лозим», – деди давлат раҳбари.

Самарқанд сейсмик жиҳатдан ҳам қулай ҳудудда жойлашгани боис келажакда вилоятнинг Каттақўрғон, Ургут, Пахтачи, Нарпай, Қўшработ туманлари марказларида ҳам кўп қаватли уйлар қурилиши зарурлиги таъкидланди.