Дунёнинг энг қимматбаҳо тақинчоқлари (фотожамланма)
Дунёдаги энг қиммат заргарлик буюмлари олмосдан ишланади ҳамда қимматбаҳо тош қанчалик ёрқин ва ноёб бўлса, тақинчоқ ҳам шунчалик қиммат бўлади.
Дунёнинг энг қимматбаҳо тақинчоқлари
1952 йилда машҳур Cartier француз фирмаси оникс ва олмослардан тайёрланган пантерра шаклида билагузук ишлаб чиқарган. У нозик таъби ва нафосати билан машҳур бўлган Виндзор герцогиняси Уоллис Симпсонга тегишли бўлган. Билагузукни унга Англия қироли Эдуард VIII совға қилган эди. Қирол герцогиняга бўлган севгиси сабаб тахтдан воз кечган. 2010 йилда Sotbis кимошди савдосида 19,5 сантиметр узунликдаги билагузукни исми маълум қилинмаган бир харидор сотиб олган. Бир неча тошлари тушиб қолган бўлишига қарамай, харидор уни бошланғич нархдан уч баробар қимматга харид қилган. Ўша харидор Уоллис ва Эдуарднинг буюк севгиси ҳақида фильм суратга олган Мадонна эди, деган тахминлар бор.
14.23 карат оғирликдаги тўртбурчак пушти олмос Гонгконгдаги «Кристис» кимошди савдосида 23,2 миллион долларга сотилган. Табиий рангдаги пушти олмос Осиёда шу пайтгача сотилган энг қиммат тош ҳисобланади. У оқ ва пушти олтиндан ишланган узукка кўз сифатида қўйилган ва ҳар икки томондан вазни 1,67 ва 1,73 карат бўлган иккита шаффоф олмос билан безатилган.
Incomparable («Тенгсиз») номли бу маржонни Ливан заргарлик бренди Mouawad 2013 йилда ишлаб чиқарган. Унинг нархи 55 миллион долларни ташкил этади. Оғирлиги эса 637 карат. Композициянинг марказидан 407,48 каратли сарғиш-жигарранг олмос жой олган. Тош 91 та рангсиз олмос билан безатилган ва узум шодаси шаклидаги олтин ипга осилган. Афсоналарга кўра, ушбу олмосни 30 йил олдин конголик бир қиз топган.
Билагузук-соат - ҳақиқий санъат асари ва бой тасаввур маҳсули. Кичик сиферблат қимматбаҳо тошлар билан қопланган. Энг устида эса учта асосий тошлар - оқ, кўк ва қизил рангли юрак шаклидаги олмослар бор. Уларнинг умумий оғирлиги 38 карат. Бироқ, ушбу соатдаги барча тошлар 200 каратни ташкил этади. Шу каби афзалликлар билан 201 каратли Chopard дунёдаги энг қиммат соатларнинг 10 талигига кириши қийин бўлмаган.