март 16, 2019 16:51 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев «Humo Arena» муз саройининг очилиш маросимида иштирок этди (фотожамланма)

Шавкат Мирзиёев «Humo Arena» муз саройининг очилиш маросимида иштирок этди

Бугун Тошкент шаҳрида “Humo Arena” кўп тармоқли муз саройининг тантанали очилиш маросими бўлди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, барчани ушбу қутлуғ воқеа билан табриклади. 

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларда соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялаш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилаётганини таъкидлади. 

– Юртимизнинг барча ҳудудларида, ҳатто олис туманларда замонавий ва оммабоп спорт инфратузилмаси яратилмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчилар сони ошиб бормоқда. Кейинги икки йилда Ўзбекистон спортчилари халқаро мусобақаларда мингдан зиёд, шу жумладан, 400 дан ортиқ олтин медалларни қўлга киритди, – дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда президент матбуот хизмати.

“Humo Arena” юқори тоифали спортчиларни тайёрлаш, йирик халқаро мусобақаларни ўтказиш, энг муҳими, ёшларни спортнинг қишки турларига ҳам кенг жалб этишда муҳим омил бўлади. Шунингдек, кўп тармоқли спорт-кўнгилочар иншооти сифатида барча аҳоли қатламларининг жисмоний ва маданий камолотига хизмат қилади. Келгусида бундай мажмуа ва марказларни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам қуриш кўзда тутилган.

Маросимда Халқаро хоккей федерацияси президенти Рене Фазель, дунёга машҳур спортчи ва санъаткорлар иштирок этди.

Ёрлиқ