Англиялик қиз Фарғонадаги қишлоққа келин бўлиб тушди (Фотожамланма)
Карнай-сурнай садолари, тўй-томошалар билан Фарғона вилояти Эшонгузар қишлоғида яшовчи Муҳайё опа келин туширди. Келин ҳам ойдеккина, чиройликкина кўрганлар ҳавас қилади. Келинчак яқинданмас нақ Англиядан Ўзбекистонга келин бўлди, деб хабар бермоқда Zarnews Фотима Ўктамованинг Facebook саҳифасига таяниб.
Муҳайё опанинг ўғли Нуруллохон турмуш ўртоғи билан чет элда танишиб, бир-бирларини синаб, муҳаббат ришталари ила оила қурди. Жена Англияда туғилиб-ўсган бўлса-да, одоб-ахлоқли, ҳаёли, меҳрибон қиз бўлиб чиқди. Унинг ота-онаси Майкл ва Кристина хоним ўзбек йигитининг оқкўнгил, билимдон, меҳрибон эканлигини кўриб у билан яқиндан танишиб, қизлари билан турмуш қуришига рози бўлишди.
Янги келинчак ўзбек урф-одатларини бир зумда ўрганиб олди. Кўча-ҳовлиларни супуриб, сув сепиб, ҳаммаёқни ораста қилиб, миллий таомларни ҳам тайёрлашни зукколик билан бажаряпти. Доимо самимий табассум билан юриши Муҳайё опани янада қувонтирди. Муҳайё опа Англиялик келинини Жена эмас, Жаннатхон деб эркалаб чақиради, дейилади хабарда.