май 03, 2020 15:55 Asia/Tashkent
  • Қуръоний башоратлар (5)

Муборак  рамазон ойи Аллоҳнинг гӯзал ойларидан биридир. Унинг ҳар лаҳзаси бошқаларга эҳсон ва яхшилик қилиш билан уйғунлашиб кетиши бу муборак ойнинг маънавий шукуҳ-шаҳоматини янада оширади. Эҳсон ва бошқаларга яхшилик қилиш Аллоҳнинг ризосига сабаб бӯладиган эзгу хислатдир.

“Эҳсон” ва “муҳсинин” сӯзлари Қуръони каримда энг кӯп ишлатилган сӯзлардандир. Тадқиқотчиларнинг фикрича самовий китобимизда “эҳсон” сӯзи 34 маротаба, “муҳсин” сӯзи эса 39 маротаба ишлатилган.

“Аҳқоф” муборак сурасининг 12-ояти каримасида Аллоҳ таъоло муҳсинларга башорат беради:

«وَمِنْ قَبْلِهِ کِتَابُ مُوسَى إِمَامًا وَرَحْمَةً وَهَذَا کِتَابٌ مُصَدِّقٌ لِسَانًا عَرَبِیًّا لِیُنْذِرَ الَّذِینَ ظَلَمُوا وَبُشْرَى لِلْمُحْسِنِینَ»

У(Қуръон)дан олдин Мусонинг китоби йўл бошловчи ва раҳмат эди. Бу эса, араб тилидаги, тасдиқловчи, зулм қилувчиларни огоҳлантириш учун ва яхшиларга башорат китобидир. (Қуръон ўзидан аввалги китобларда, жумладан, Тавротда келган ақида аслини, илоҳий йўлни, дину диёнатни тасдиқлайди.) (12)

Бу ояти каримадан маълум бӯлишича Аллоҳ юборган китоблар Илоҳий раҳмат жилваларидир. Улар башариятнинг имоми, ҳидоят қилувчиси ва йӯлбошчиси бӯлгани сабабли одамлар ҳар қандай ҳолатда уларга эргашишлари, кӯрсатмаларига амал қилишлари лозим.

Қуръони каримнинг асосий мақсади инсонни зулм ва зиёнкорликдан узоқлаштириб уни эҳсон ва эзгуликларга тарғиб қилишдир.

Муҳсинлар, яъни эзгу амал қилувчилар кимлар?  Қуръон нуқтаи назаридан муҳсинлар эътиқодий жиҳатдан тавҳид аҳли, амал нуқтаи назаридан эса сабр ва истиқомат аҳлидирлар. “Тавба” муборак сурасининг 100-ояти каримасида эзгу амал қилувчиларга бериладиган мукофот гӯзал бир тарзда баён этилган:

Биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир. (100)

Қуръни каримда муҳсинларнинг асосий фазилати эҳтиёжмандларга мол билан кӯмаклашиш эканлиги таъкидланиб, буюрилади:

Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради. (134)

Ҳазрат Али (а) буюрадилар: “Одамларга эҳсон қилиш иймоннинг энг муҳим қисмидир”.

Гӯзал жамият одамлар бир – бири билан меҳр-муҳаббат ва ахлоқий қадриятлар ила муносабат қиладиган жамиятдир. Бундай жамиятда одамлар бир-бирининг муаммоларини ҳал қилиш учун ҳамкорлик қилишади. Парвардигори карим бундай шахсларни ҳидоят топганлар ва нажотга эришганлар  деб атайди:

Ана ўшалар, Роббиларидан бўлган ҳидоятдадирлар. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир. (5)

Шунингдек “Бақара” муборак сурасида ӯқиймиз:

Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта. Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўради. (Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзининг йўлида пул-мол нафақа қилишга амр қилмоқда. Бунга жиҳод учун ҳам, бошқа хайрли ишлар учун ҳам нафақа қилиш киради. «Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг» жумласида бир неча хил маъно бор. Бири: Аллоҳнинг йўлида нафақа қилмай, ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Яъни, бахиллигингиз ҳалокатга сабаб бўлмасин, дегани. Яна бир маъноси: ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Бир киши ўзининг ўлимига ўзи сабаб бўлса, ўзини ўзи ўлдирди, дейилади.) (195)

Ислом таълимотига кӯра эҳсон ва яхшилик қилиш жамиятнинг бой ва қашшоқ каби табақаланишига барҳам беради,  дӯстлик, меҳр-муҳаббат ва самимиятни вужудга келтиради, гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бӯлиб, яхшилик қилувчиларнинг дунё ва охиратдаги саодатларини таъминлаб, уларни Аллоҳнинг севимли бандаларига айлантиради.

Тадқиқотчиларнинг фикрича яхшилик қилиш инсон вужудида серотонин номли ӯта фойдали модданинг ишлаб чиқилишига сабаб бӯлади. Натижада яхшилик қилиш инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигига самарали таъсир кӯрсатади. Машҳур психолог, “Ниятнинг қудрати” китобининг муаллифи проффессор Уэйн Уолтер Дайер бу ҳақда ёзади: “Қизиғи шундаки, яхши амалга гувоҳ бӯлган кишиларда ҳам худди шундай ӯзгариш юз беради. Яъни эҳсон ва яхшилик қилиш эҳсон қилувчи, эҳсонни қабул қилувчи ва ҳатто шу жараёнга гувоҳ бӯлган кишиларнинг хулқ-атворига самарали таъсир кӯрсатади.

Азизлар, бировга эҳсон қилганда ӯзимиз яхши кӯрган нарсани Аллоҳ йӯлида инфоқ қилишимиз лозим. Ана шунда биз ҳам башорат берилганлар сафига қӯшилишимиз мумкин.

 

 

 

 

Ёрлиқ