Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида отишма юз берди (видео)
Тожикистон ва Қирғизистон чегара хизматлари чегарада отишма юз бергани ва икки томондан яраланганлар борлигини маълум қилди. Томонлар можаронинг бошланишида бир-бирларини айбламоқда.
“8 май соат 18да Исфара тумани Чоркуҳ қишлоқ жамоатининг Кумазор чегара ҳудудида можаро юз берди. Унга меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра Тожикистонга тегишли 4 гектар ернинг Қирғизистон фуқаролари томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши сабаб бўлган. Қирғиз чегарачилари можарони бартараф этиш ўрнига Тожикистоннинг қуролсиз фуқароларига ўқотар қуролдан ўт очиб, уни янада авж олдиришган”, деб келтириб ўтган тожик чегарачилари сўзларини “Ховар” ахборот агентлиги.
Ўз навбатида, Қирғизистон куч тузилмаларидаги манбанинг “Интерфакс” ахборот агентлигига хабар беришича, тожик чегарачилари можаро вақтида Калашников автоматлари, РПГ (танкка қарши қўл гранатомёти) қўллашган. Уч қирғиз чегарачиси, жумладан маҳаллий чегара заставаси бошлиғи яраланган. Қирғизистон чегара хизматида яраланган чегарачилар ҳақидаги маълумот тасдиқланган.