сентябр 29, 2020 18:37 Asia/Tashkent
  • Найни бӯзлатиб кетган шоир

(Қония (Туркия) сафари хотиралари)

Аллоҳга шукурлар бўлсинким, ҳақир бу бандасига жаҳон адабиётининг йирик намояндаси, форс шеъриятининг яловбардори Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Румийнинг нуроний марқадларини зиёрат этиш бахтини насиб айлади.

Туркиянинг Истанбул шаҳридан ҳавога кўтарилган самолёт деразасидан заминга термулиб, дунёнинг кўпгина шаҳарларини айланиб чиққан ҳазрат Мавлоно нега энди доимий яшаш учун айнан Кония шаҳрини танлади, у баракотли масканнинг улуғ шоирни мафтун айлаган сирру-синоати нимада, деб ўйлаб борардим…

Самолёт Истанбул фазосидан узоқлашган сайин денгиз ва кўллар, ям-яшил боғлар, зироат майдонлари ортда қолиб, тоғ ва тепаликлар бошланди.

Бепоён қир-адирларнинг нисбатан текисроқ жойларига лалми буғдой экилган. Қуроқ-қуроқ буғдойзорлар тепадан қаралганда дарвишларнинг минг ямоқ хирқасини эслатарди.

Ниҳоят ана шу қир-адирлар бағрида улкан сайҳонлик кўзга ташланди. Сайҳонлик саҳнида эса бир ярим миллионга яқин жамият яшайдиган Кония шаҳри…

Аэропортдан таксига ўтириб, шаҳарга, ҳазрат Мавлоно оромгоҳига қараб кетаяпмиз. Бу лаҳзалардаги руҳий ҳолатим тасвирида сўз ожиз. Йигитлик чоғида, ҳа, самимий туйғулари ҳали турмуш ташвишларига олуда бўлмаган айнан йигитлик чоғида ошиқи шайдо бўлиб, узоқ муддат маъшуқасини кўрмаган, зилу замбил ҳижрон заҳматлари сўнгида висол давлати насиб айлаб, маъшуқаси остонасига яқинлашиб қолганда кўкрак қафасида банди этилган қуш—юрагининг жонсарак типирчилаётганини ҳис қилган кишигина бундай жодуваш ҳолатни англаши мумкин.

Бошқаларга эса бу гаплар эртак бўлиб туюлиши муқаррар…

Коняга биринчи маротаба келишимизни билган ҳайдовчи шаҳарнинг диққатга сазовор тарихий ёдгорликлари ҳақида тинмай гапирар, аммо қулоғимга ҳеч нарса кирмас, зеҳним ҳазрат Мавлоно хаёли билан банд эди…

Ҳазрат Мавлоно ва падари бузрукворлари Баҳоуддин Валадларнинг хоки поки

Кутилмаганда ўғлим Муҳаммаднинг “Дада, Коня Душанбега ўхшаркан” дегани хаёлимни бўлди. Ростдан ҳам Истанбулнинг тор ва тик баландликка чиқиб борувчи кўчалари, бир-бирининг устига қурилгандек ўзаро ёпишиб кетган биноларининг жуда тиқилинч ҳолатига ўрганган кишига Конянинг кенг хиёбонлари, бир-биридан муайян масофада жойлашган кўп қаватли уйлари, болалар ўйнайдиган шинам майдончалари жуда дилкаш ва сўлим туюларди.

Кония Душанбе шаҳрига жуда-жуда ўхшаш эди. Мавлоно ижодиётидан ҳар бир киши ўзига яраша баҳра олгани мисоли, Кониядан ҳам ҳар ким ўз шаҳрига ўхшаш жиҳатларни кашф қилиши мумкин…

…Ва ниҳоят, ҳазрат Мавлононинг нурли марқадлари жойлашган оромгоҳ мажмуасига етиб келдик. Турли гулу гиёҳлар экилган мусаффо боғ-ҳовлидан юриб, оромгоҳ мақбарасига яқинлашдик.

Бинонинг кираверишига битилган мана бу байт кишининг бутун руҳий ҳолатини остин-устун қилишга, унинг қалби хилватхоналарида буюк бир инқилоб барпо айлашга қодир:

Каъбаи ушшоқ бошад ин макон,

Ҳар ки ноқис омад, ин чо шуд тамом.

Таржимаси:

Каъбаи ушшоқ эрур бул макон,

Кимки ноқис келса, бўлгайдир тамом.

Мақбара эшигидан ичкарига қадам босишингиз билан найнинг майин, аммо жонсўз садоси қулоққа чалинади.

Ўнг томонда ҳазрат Мавлоно ва падари бузрукворлари Баҳоуддин Валадларнинг хоки поки. Иккала қабр бир-бирига ёпишган бўлиб, тепаларига салла ўрнатилган.

Бу нарсани Туркиянинг кўплаб мозорларида кузатдик. Уларда мавлавийлик даражасига эришган марҳумлар қабри устига қабр тоши сифатида уларнинг маърифати даражасини англатувчи тошдан ясалган салла ўрнатиларкан.

Ҳазрат Мавлоно турбатининг қуйи томонида фарзандлари, қавм-қариндошлари, шунингдек, шогирдлари Ҳисомуддин Чалабий ва Салоҳиддин Заркубларнинг ҳам хоки жойлашган.

Оромгоҳ мажмуасининг давоми бўлган тўртбурчак улкан залда ҳазрат Мавлонога тегишли ашёлар намойишга қўйилган.

Бу ерда сақланаётган безавол “Маснавий” асарининг хаттот Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Қунявий томонидан кўчирилган қўлёзма нусхаси муаллиф вафотидан атиги беш йил ўтгач, яъни 1278 йили китобат қилинган.

Залнинг деворларига “Маснавий”нинг дастлабки 18 байти битилган.

Қизиғи шундаки, илк байт бугунги нусхалардан кўра бир оз фарқ қилади.

Машҳур матншунос Николсон нусхаси ва бугунги барча нашрларда

Бишнав аз най чун ҳикоят мекунад,

Аз чудойиҳо шикоят мекунад.

шаклидадир.

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Қунявий нусхаси ҳамда мақбара деворига битилган ёзувда эса бу байт қуйидаги тарзда келтирилган:

Бишнав ин най чун шикоят мекунад,

Аз чудойиҳо ҳикоят мекунад.

Оромгоҳ мажмуасидаги кейинги зал махсус самоъ рақси учун ҳозирланган бўлиб, айтишларича, ҳафтанинг шанба кунлари бу ерда Мавлавия тариқатининг издошлари рақси самоъ ўтказишаркан.

“Рақси самоъ” ҳақида дин уламолари орасида турли фикр-ақидалар мавжуд. Биров уни маъқулласа, бошқа бири рад этади.

Аммо Мавлавия тариқатининг бу муҳим унсури ҳақида ҳазрат Мавлононинг ана шу бино деворига битилган икки байти энг тўғри жавобдир:

Самоъ ороми жони зиндагон аст,

Касе донад, ки ўро жони жон аст.

Хусусан, ҳалқае к-андар самоъанд,

Ҳамегарданду Каъба дар миён аст.

Мазмуни:

Самоъ тирикларнинг ороми жонидир,Жоннинг жони бўлган киши уни англаши мумкин.Самоъдаги ҳалқа айланаверади,Ўртада эса Каъба турибди.

Оромгоҳ мажмуасида шунингдек “Мавлоно музейи” жойлашган.

Дид билан безатилган ҳужраларда ҳазрат Мавлоно ва фарзанди Султон Валадга тегишли ашёлар, шунингдек, най, доира, нафир каби мусиқа асбобларини учратиш мумкин.

Юқорида таъкидлаганимиздек, бутун оромгоҳ мажмуаси бўйлаб найнинг жон олғувчи майин садоси тинимсиз янграб туради.

Аҳли башарнинг энг буюк шоири йигирма олти минг байтда куйлаб шарҳини тугатолмаган бу абадий фироқ ноласи энди унинг хоки узра минглаб зиёратчиларнинг турли лаҳжаларда пичирлаб тиловат қилаётган Қуръони карим оятларига қоришиб янграмоқда.

Одамизод фарзандининг ботиний туйғуларини жумбушга келтирувчи най садоси ўзининг энг яқин сирдоши, мунис ва улфати марқадида туну кун аччиқ-аччиқ бўзламоқда…

                                              Абдуллоҳ  Зуҳур

Ёрлиқ