Бўстонак дараси 
(last modified Sun, 05 Sep 2021 18:31:28 GMT )
сентябр 05, 2021 23:31 Asia/Tashkent
  • Бўстонак дараси 

Aжойиб қадимий ва тарихий диққатга сазовор жойлар билан бир қаторда, бу шаҳар яқинида, ўзига хос табиатга эга гўзал бир ҳудуд мавжудки, уни Шерознинг йўқотилган жаннати деб аташади.

 Эрон жанубидаги энг гўзал шаҳарлардан бири  бўлган Шероз, йилнинг турли фаслларида қадимий ва тарихий диққатга сазовор жойлар мавжудлиги сабабли,  ҳар доим Эронсевар сайёҳлар эътиборини ўзига жалб қилиб келади. Aжойиб қадимий ва тарихий жойлар билан бир қаторда, бу шаҳар яқинида, ўзига хос табиатга эга гўзал бир ҳудуд мавжудки, уни Шерознинг йўқотилган жаннати деб аташади.

Ёқимли об-ҳаво ва ям-яшил табиатга эга бўлган ушбу минтақа, баланд ва осмонўпар тоғлар, водийнинг уриб турувчи юраги бўлган  жўшқин сой ва даранинг турли ҳудудларида ўзларини кўз-кўз қилувчи кичик шаҳарчалардан иборат. Aгар сиз ушбу йўқолган жаннат ҳақида кўпроқ билмоқчи бўлсангиз, бугунги суҳбатимизда бизга ҳамроҳлик қилинг.

Йўқотилган жаннат - Марвдашт туманининг комфируз қисмида, Шероздан 120 км шимолий-ғарбда жойлашган бўлиб, ёқимли об-ҳавога  эга ям-яшил  минтақадир. Бу дара 20000 гектар кенг майдонни ўз ичига олган. Бу ҳудуднинг баландлиги турли нуқталарда денгиз сатҳидан 1700-3700 метр баландликда ўзгариб туради ва кўп қисмларида ўртача баландлиги денгиз сатҳидан 2000 метрга яқин. Йўқотилган жаннат асосан ўрмон қопламали тоғ тизмаларидан иборат  бўлиб, ёзи салқин ва қиши совуқ,  ёғингарчиликларга бой минтақадир. Бу дарада ўртача ҳарорат 14 дан 16 даражагача. Ҳудуднинг асл номи Бўстонак дарасидир, лекин бугунги кунда у йўқотилган жаннат номи билан тилларда достон.

 Бўстонак дарасига кириш йўли Байзо ва Комфируз қишлоқлари орқали ўтади, "Дўрудзан"  сув омборининг тӯғони ва зич эман ўрмонлари ҳам шу йўналишда жойлашган. Гўзал сойнинг ўнқир-чўнқир сўқмоқларида жойлашган  нисбатан кенг боғли йўлак даррага киришдан бошланиб, Бўстонак  шаршарасигача давом этади ва мана шу ерда, тор бўлмаган дарадаги оҳак тошлари чўкинди билан қопланган чинор ўрмони, табиатнинг  ажойиб ва улуғвор ҳайбатини  кўрсатади. Бу  йўлакнинг сой бўйидан  Бакр қишлоғига қадар  чўзилиши, бу жойнинг чиройи ва жозибасини тўлдиради.

Бўстонак дараси

Бу ҳудуддаги дарахтлар баъзи жойларда  бир-бирига суяниб, худди боғлангандек туюлади, улар йўловчилар устида ўзига хос том яратган. Марвдаштнинг йўқотилган жаннатида кўзга кўринган ҳар  манзара ўзининг ям-яшиллиги ва чиройига эга, қулоққа чалинган ҳар бир овоз,  жўшқин оқаётган сувнинг қўшиғи ва қушларнинг ёқимли нағмаларидир, ҳис этиладиган ҳар нарса эса тириклик ва ҳаёт тароватидир. Бу табиат мўъжизасининг ажойиб хусусиятларидан бири, бу дара тубида ястанган қояли қатлам бўлиб, чинор, ёнғоқ ва соябоп ўсимликлар ўсиши учун жуда қулай муҳитдир.

Бўстонак дараси

Дара водийнинг тубида жойлашган ва тепаликларининг баландлиги тахминан бир минг етти юздан икки минг етти юз метргача. Бўстонакнинг хира ёритилган маконидаги баланд бўйли, кекса дарахтлар қуёш нуридан баҳраманд бӯлиш учун шу қадар баландликка бӯй чӯзиб, бир-бирига уйёашиб кетганким,  улар қуёш нури тушадиган йўлни тўсиб қўяди, шунинг учун ёруғлик даранинг тубига деярли етиб бормайди. Бундай муҳит сизни дарага киришингиз билан ҳавонинг салқинлигини ва ҳароратнинг сезиларли фарқини сезишга мажбур қилади. Шу боис дара ёз фаслида кўпчилик табиат ихлосмандлари ташриф буюрадиган диққатга сазовор жойга айланган.

Бўстонак дараси

 Деворлари дарахтлар ва тоғ  ўсимликларининг илдизи билан қопланган. Даранинг туби бутунлай қояли бўлиб, улкан ёнғоқ, чинор, эман, дўлана ва тоғ бодоми дарахтларига тўла. Ялпиз, буймодарон ва ҳулво буталари ҳам бўстонак дараси ўсимликларидир. Бўстонак дараси  ҳайвонот олами жиҳатидан ҳам жуда хилма-хилдир. Яхши иқлим ва доимий оқар сойлар  бу ерга кўплаб ҳайвонларни жалб қилган. Йўқотилган жаннатда йиртқич қушлардан тортиб то маралларгача, жигарранг айиқлар, қундузлар, олмахонлар, тулкилар, ёввойи қўчқорлар, ёввойи эчкилар ва қуёнлар яшайди.

Бўстонак дараси

Йўқотилган жаннатга саёҳат қилиш учун барча фасллар мос келади. Бу минтақанинг бетакрор табиати йилнинг турли кунларида ҳар хил гўзалликларга эга. Лекин баҳорнинг ўрталарида, дарёлар тўлқинланиб, боғлар гулларга тўлган пайти, Бўстонак дараси табиати ям-яшил ва жуда ажойиб тусга киради. Йилнинг бу вақтида об-ҳаво жуда қулай, ям-яшил дарахтлар орасида ва қуёш нурлари  остида юриш ёқимли. Aлбатта, агар сиз озгина совуққа бардошли бўлсангиз ва  куз табиатини севсангиз, ёз тугаганидан кейин йўқотилган жаннатни кўришга борганингиз маъқул. Кузда Бўстонак дараси ўрмонларининг чиройи икки баробар ошади.
Сариқ, тўқ сариқ ва қизил рангларнинг комбинацияси ҳамма жойни қамраб олади ва табиатнинг бетакрор гўзаллиги сизнинг кўзингиз олдида бўй кўрсатади. Қишда, бу ҳудудда ҳаво совуқ бўлишига қарамай, йўқотилган жаннатнинг табиати  гўзал ва ажойиб.

Бўстонак дараси

Туристик тармоқда, Бўстонак дараси географик жойлашуви ва ўзининг  бир томондан Персеполис, Нақши Рустам ва Посоргод тарихий ёдгорликлари ва бошқа тарафдан Моргун шаршараси ва Бароқ дарасининг табиий ландшафтлари билан боғлаш имкони туфайли, экотуризм нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этиб, ҳар йили  бу гўзал ҳудудга кўплаб сайёҳларни жалб қилади. Шу туфайли, туризмнинг мавжуд табиий муҳитга етказиши мумкин бўлган зарарларни камайтириш учун Шерознинг йўқотилган жаннати ҳудудида, 1999 йилдан буён Aтроф-муҳитни муҳофаза қилиш Олий Кенгаши тасдиқлаган қарорга кўра, Бўстонак ўрмон  қўриқхонаси ташкил этилган.