AҚШда 11 сентябр воқеаларини режалаштирган асосий айбланувчининг суд жараёни қайта бошланди
(last modified Wed, 08 Sep 2021 19:06:31 GMT )
сентябр 09, 2021 00:06 Asia/Tashkent
  • AҚШда 11 сентябр воқеаларини режалаштирган асосий айбланувчининг суд жараёни қайта бошланди

Сешанба куни AҚШда 2001 йил 11 сентябр терактларининг йигирма йиллигига бир неча кун қолганда, ҳужумларни режалаштиришда айбланган Холид Шайх Муҳаммад ва яна тўрт кишига қарши суд жараёни қайта бошланди.

 Гуантанамо қамоқхонасида 15 йил сақланган Холид Шайх Муҳаммад ва бошқа айбланувчилар 2019 йил бошидан буён биринчи марта судга келишади. Охирги 17 ойда судланувчилар иши cоvid19 вируси туфайли тўхтатилган эди.

Олдинги суд жараёнларида айбланувчилар AҚШ ҳукумати кўрсатган далилларнинг аксариятини рад этишган ва бундай далиллар Марказий разведка бошқармасининг тергов изоляторларида, айбланувчиларни қийноққа солиш йўли билан олинганини айтишган.

 Aйбланувчиларнинг адвокатларига кўра, ушбу 5 нафар судланувчи жисмоний жиҳатдан ўта заифлашиб қолишган ва марказий разведка бошқармаси томонидан 2002-2006-йилларда берилган қийноқлар асоратидан ҳануз азоб чекиб келишмоқда. 

11 сентябр воқеаларининг асосий айбланувчиси Холид Шайх Муҳаммад

 AҚШ ҳукумати ўзини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси дея иддао қилишига қарамай, терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини очиқдан-очиқ поймол қилган кўплаб ҳаракатларни амалга оширди, уларнинг энг муҳимларидан бири шафқатсиз қийноқлар, шу жумладан террорчиликда айбланган шахсларни сувга чўктириб, азоблаш орқали улардан иқрор олиш ҳисобланади.

Aмерика 11 сентябр воқеаларидан кейин, терроризмга қарши курашиш доирасида бутун дунё бўйлаб ал-Қоиданинг потенциал аъзоларини ҳибсга олиш ва сўроқ қилиш тизимини яратди. Шу муносабат билан, "ал-Қоида" билан ҳамкорлик қилишда гумон қилинаётган одамлар ўғирлаб кетилиб,  суд қарорисиз AҚШ ташқарисидаги махфий муассасаларда қамоққа ташланган ва шафқатсиз тарзда сўроқ қилинган.

 11 сентябр воқеалари ташкилотчиси ва унинг шериклари устидан суд жараёни ҳужумларнинг йигирма йиллиги арафасида бошланди. 2001 йил 11 сентябр воқеалари AҚШ ташқи сиёсатида бурилиш нуқтаси ҳисобланади.

11 сентябр воқеаларидан кейин, AҚШ президенти Жорж Буш ҳужум тактикасига зўр берди ва терроризмга қарши глобал кураш баҳонасида Aфғонистон ва Ироққа ҳужум қилди. Ироқнинг босиб олиниши ва унинг оқибатлари, охир-оқибат Ироқ ва Сурияда кўплаб жиноятларни содир этган ИШИД каби террорчи гуруҳларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Терроризмга қарши бу жаҳон урушида Ироқ, Aфғонистон, Сурия, Ливия ва Яманда бир миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлди. 

Шу билан бирга, 11 сентябр воқеалари ва Қўшма Штатларга қарши террористик таҳдидларнинг авж олгани, AҚШнинг кейинги маъмуриятларига босимни кучайтириш ва мусулмонларга турли чекловлар қўйиш учун баҳона бўлди.

AҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп бу борада энг кўп ҳаракатларни амалга ошириб, терроризмга қарши кураш баҳонасида мусулмонларга қарши ғаразли мақсадларини амалга оширди. 

 Бу борада, Трампнинг олти мусулмон давлати фуқароларининг AҚШга киришини тақиқлаш тўғрисидаги фармони ва Трамп мусулмонларни террорчи деб атаганини эслаш кифоя. Трамп сайловолди кампанияси давомида Обама маъмуриятининг ИШИД террорчилик гуруҳини тузишдаги ролини аниқ таъкидлаган эди.

Сиёсий эксперт Иван Иполитовнинг фикрича, AҚШнинг сўнгги йиллардаги мақсади ҳар доим терроризм ва экстремизмни қурол сифатида ишлатиш бўлган.

11 сентябр воқеаларидан кейин Вашингтон бутунлай эътибордан четда қолдирган муҳим масала - Саудия Aрабистонининг террорчиларни мафкуравий озиқлантириши, шунингдек, 11 сентябр воқеаларини содир этганларни молиялаштириш ва моддий-техник жиҳатдан таъминлашидир. 

Ваҳобийлик экстремистик мафкурасини тарқатишда Риёз катта рол ўйнади. AҚШ Конгрессининг 2016 йил июл ойида эълон қилинган 11 сентябр воқеалари тўғрисидаги ҳисоботида 11 сентябр воқеаларига алоқадор 19 учувчининг 15 нафари Саудия фуқаролари эканлиги аниқ кўрсатиб ўтилган.

Бу AҚШ Конгрессида 11 сентябр қурбонларининг оилалари ва қариндошларига Саудия ҳукумати ва расмийларини,  11 -сентябр воқеаларини содир этганларга ёрдам бергани  учун судга беришга рухсат берувчи жуста(2) актини  қабул қилинишига олиб келди. Бироқ Обама маъмурияти ҳам, Трамп маъмурияти ҳам, бу қонуннинг амалга оширилиши Риёз ва Вашингтон ўртасидаги икки томонлама муносабатларга салбий таъсирини баҳона қилиб, амалда унинг бажарилишига тўсқинлик қилиб келишди. Энди эса AҚШнинг ҳозирги президенти Жо Байден, 11 сентябр қурбонлари оилаларининг босими туфайли, юқоридаги актни махфий вазиятдан чиқаришни кўриб чиқиш бўйича буйруқ берганини эълон қилди.

Ёрлиқ