феврал 14, 2023 12:37 Asia/Tashkent
  • Эрон президентининг Хитойга ташрифи арафасида Эрон ва Хитой муносабатларига назар
    Эрон президентининг Хитойга ташрифи арафасида Эрон ва Хитой муносабатларига назар

Эрон Ислом республикаси Президенти Саййид Иброҳим Раисий 3 кунлик сафар билан Хитойнинг пойтахти Пекинга келди.

Раисий Президент Си Зинпин билан икки томонлама, минтақавий, халқаро муаммолар, икки томонлама келишувлар ва меморандумлар ҳақида суҳбатлашади. Албатта, бу икки давлат президентларининг биринчи учрашуви эмас, Иброҳим Раисий ва Си Зинпин 2022-йил сентябрдаги Шанхай саммити доирасида Самарқандда учрашиб, мунозаралар ўтказдилар. Раисий бу учрашувда нефт ва энергетика, транзит, қишлоқ хўжалиги, савдо ва сармоя соҳаларида кенг имкониятлар Эрон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш ва ривожлантириш учун жуда мос платформа эканлигини айтди. Хитой раҳбари, шунингдек, Раисий билан суҳбатда "Эрон-Хитой муносабатлари стратегик алоқалар эканлигини ва ҳар қандай халқаро ривожланишдан қатъий назар ривожланиб боришини" айтди ва Эроннинг БРИКСга аъзолигини қўллаб-қувватлади.

Хитой ҳозирги кунда дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиёт бўлиб, сўнгги бир неча ўн йилликларда бу Осиё давлатининг ортиб бораётган ўсиши унга минтақавий ва халқаро майдонда имтиёзли мавқега берди. Хитой сўнгги бир неча ўн йилликда иқтисодий ва саноат ўсиш босқичларини жадаллик билан босиб ўтди ва ҳозирда дунёдаги энг йирик экспортчига айланди. Хитойликлар кибер, космик ва турли саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги каби илғор технологиялар соҳасида сезиларли ютуқларга эриша олдилар ва шу билан бирга, Хитой бугунги кунда дунёдаги энг буюк ҳарбий кучлардан бири ҳисобланади. Ҳарбий салоҳиятни мустаҳкамлаш, барча турдаги қуролларни ясаш борасида катта қадамлар ташландики, ҳозирда бу соҳада биринчилардан бири саналади.

Бундан ташқари, прогнозларга кўра, Хитой 2030 йилга бориб дунёнинг энг йирик иқтисодиётига айланади ва шу тариқа Америка Қўшма Штатларини ортда қолдиради. 2021-йилда Хитой ялпи ички маҳсулоти 18 триллион долларга яқинлашди ва у йилдан-йилга АҚШ билан фарқини қисқартирмоқда. Бир томондан Хитойнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашидаги доимий аъзолиги ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти каби минтақавий институтлар ва БРИКС гуруҳи каби халқаро институтлар ҳисобга олинса, Пекиннинг жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатидаги аҳамияти кундан-кунга ортиб бормоқда. Бошқа томондан, Хитой Россия билан биргаликда бир қутбли тизимга ва Ғарб ҳукмронлигининг давом этишига, хусусан Америка бир томонламалигига қарши ва улар марказда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ролига асосланган кўп қутбли тизимни хоҳлайдилар.

 

Ғарб ва АҚШнинг бир томонлама санкцияларига қарши чиқиш, ядровий келишув соҳасидаги умумий позиция, АҚШнинг дунёда урушни қўзғатувчи ҳаракатларига қарши чиқиш каби кўплаб глобал муаммолар соҳасидаги Эрон ва Хитойнинг умумий позицияларини ҳисобга олган ҳолда,шунингдек, Эрон ва Хитойнинг иқтисодий, савдо, саноат, энергетика ва бошқа кўплаб соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш соҳасидаги умумий манфаатларига кўра, икки мамлакат ўртасида ўзаро ҳамкорликка асосланган муносабатларни ривожлантириш учун кенг майдон мавжуд. Бу ўзгаришларга кўра, сўнгги йилларда Эрон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ўсиб бормоқда ва шу нуқтаи назардан, 25 йиллик кенг қамровли ҳамкорлик дастурининг имзоланиши икки томонлама муносабатларнинг бурилиш нуқталаридан бири сифатида қаралмоқда. Икки давлат ўртасида “Эрон Ислом Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик” қўшма баёноти ХХР раиси Си Зинпиннинг 2016-йил январ ойида Теҳронга ташрифидан сўнг имзоланган эди. Унда 20 та моддадан иборат “Йўл харитаси”да Теҳрон ва Пекин ўртасида сиёсий, ижроия, гуманитар ва маданий, суд-ҳуқуқ, хавфсизлик-мудофаа, минтақавий ва халқаро соҳаларда қўшма ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш белгиланган.

Ушбу баёнотнинг биринчи хатбошида шундай дейилган:“Томонларнинг фикрича, халқаро тизимнинг кўп қутблилашуви ва иқтисодиётнинг глобаллашуви жараёни чуқурлашган бир шароитда икки давлат Эрон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар стратегик аҳамиятга эга бўлиб, улар бир-бирини ўзларининг муҳим стратегик ҳамкорлар деб билишади ва ўзаро муносабатларни ривожлантиришни ташқи сиёсатида устувор вазифа қилиб қўядилар.

Энди халқаро шароитлар, хусусан, Американинг Хитойга босимининг кучайиши, шунингдек, Вашингтоннинг Ғарбий Осиёдаги интервенцион сиёсати, бошқа томондан, икки давлат Эрон ва Хитойнинг икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ва халқаро муаммолар соҳасида яқинлашиш кучайиши, икки давлат ҳокимияти органлари ўртасида маслаҳатлашувларни кўпайтириш, шунингдек, муносабатлар ва ҳамкорлик даражасини ошириш зарурати туғилди. Шубҳасиз, Эрон Президентининг Хитойга ташрифи бу соҳада бурилиш нуқтаси сифатида баҳоланади.

 

Ёрлиқ