Улуғбек Розукулов Покистон Президенти ва бош вазири билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
(last modified Mon, 26 Dec 2016 05:57:21 GMT )
декабр 26, 2016 10:57 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Улуғбек Розукулов ва Покистон Президенти Ҳусайн Мамнун
    Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Улуғбек Розукулов ва Покистон Президенти Ҳусайн Мамнун

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Улуғбек Розукулов ва Покистон Президенти Ҳусайн Мамнун терроризм ва экстремизмга қарши кураш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди. Бу ҳақда UzDaily.uz сайти ёзмоқда

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Улуғбек Розукулов раҳбарлигидаги делегация Покистонга ташриф буюрган эди. 

Ҳусайн Мамнун Розукулов воситасида Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Президентлиги учун сайловда ғалаба қозонгани билан яна бир бор қутлаб, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга чиқишига умид билдирган. 

Ҳусайн Мамнун Покистоннинг Ўзбекистон билан энергетика, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ниятида эканини таъкидлаган. У, шунингдек, икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш мамлакат имкониятларига жавоб бермаслигини қайд этиб, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга чақирган. 

Мамнуннинг сўзларига кўра, Покистон Ўзбекистоннинг энергетика захираларидан фойдаланишга қизиқиш билдирмоқда. 

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Розукулов Покистон бош вазири Навоз Шариф билан ҳам музокаралар ўтказди

Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар, хусусан, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишган. 

Навоз Шарифнинг қайд этишича, Ўзбекистон делегациясининг ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш имконини беради. 

Унинг таъкидлашича, Покистон Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни юқори баҳолайди. Навоз Шарифга кўра, Покистон ҳукумати Ўзбекистон билан ўзаро фойдали муносабатларни янги босқичга чиқариш ниятида. 

Унинг фикрича, Ўзбекистон ва Покистон савдо-иқтисодий соҳани янада мустаҳкамлаш ва мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш учун барча чораларни кўриши керак. 

Шу билан бирга, томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасида савдо, инвестиция ва маҳсулотларнинг эркин айланмасини таъминлаш мақсадида ислоҳотлар ўтказиши лозим. Покистон ҳукумати раҳбари, шунингдек, Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги техникалари соҳасида ҳамкорлик қилиш таклифини олқишлаган. 

Ўз навбатида, Улуғбек Розукулов қайд этганидек, икки мамлакат савдо-иқтисодий салоҳиятини ўрганиб, улардан самарали фойдаланиш йўлида барча чоралар кўрилади.