Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Ўзбекистонга келмоқда
(last modified Tue, 14 Mar 2017 14:54:32 GMT )
март 14, 2017 19:54 Asia/Tashkent
  • Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти
    Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти

15 март куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Ташрифдан мақсад Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат», — дейилган ТИВ хабарида.

Кун. ўз сайтига кўра, февраль ойининг биринчи ярмида ЕТТБнинг Марказий Осиё ва Россия бўйича ижроий директори Наталья Ханженкова бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташрифини амалга оширганди.

Банк етакчи мутахассисларидан иборат 10 кишилик делегация Тошкентда 5 кун давомида бош вазир, ташқи ишлар вазири ва бошқа вазирлар билан учрашувлар ўтказди. Айнан шу ташриф вақтида ЕТТБ президенти Сума Чакрабартининг март ойида Ўзбекистонга амалга оширадиган ташрифига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама этилганди.

Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасида 1992 йилда алоқа ўрнатилган, аммо 2003 йилдан бошлаб банк Ўзбекистонга кредит ажратишни камайтирганди. 2007 йилда эса мамлакатдаги лойиҳалар учун кредит маблағлари ажратилиши бутунлай тўхтатилди.