Шавкат Мирзиёев май ойида Хитойга боради
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев май ойида Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи уюштиради. Бу ҳақда Тошкентда бошланган савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг бешинчи йиғилиши вақтида маълум қилинган.
Кун.ўз сайтига кўра, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниевнинг маълум қилишича, давлат раҳбарининг бўлажак ташрифи вақтидаги музокаралар якунида транспорт, инвестициялар, энергетика, ирригация, гидроэнергетика ва бошқа бир қатор соҳалар бўйича ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Маълумот учун, Хитой Ўзбекистоннинг йирик савдо ҳамкорларидан ҳисобланади. Ўтган йил якунларига кўра мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,2 миллиард доллардан ошган. Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида 704 корхона фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон президенти илк ташрифини 6-7 март кунлари Туркманистонга, 22-23 март кунлари Қозоғистонга амалга оширди. Унинг навбатдаги сафари апрель ойида Россияга бўлиши кутилмоқда.