Шавкат Мирзиёев АҚШ президентига мактуб йўллади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Жон Трамп томондан Наврўз муносабати билан юборилган табрик мактубига жавоб мактуби йўллади
ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Шавкат Мирзиёев АҚШ Президентига миннатдорлик мактуби йўллади, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.Илгарироқ АҚШ президенти Дональд Трамп Ўзбекистон раҳбарига Наврўз муносабати табрик йўллаб, хатда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда катта ижобий ўзгаришлар сезилаётганини қайд этгани ҳақида хабар қилган эдик. Мирзиёевнинг Трампга йўллаган жавоб мактуби қуйидагича бошланади:
"Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Жон Трамп Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент Жаноблари! Сизга ва Сизнинг тимсолингизда бутун Америка халқига янгиланиш, фаровонлик ва уйғониш фасли бўлган Наврўз байрами муносабати билан йўллаган самимий табрик ва эзгу тилакларингиз учун чин дилдан миннатдорлик изҳор этаман. Сизнинг шахсий муносабатингизни юксак қадрлайман, Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хусусан, мамлакатларимиз бизнес доираларининг яқин алоқаларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Айтиш керакки, АҚШ президенти Ўзбекистон раҳбарига Наврўз муносабати билан йўллаган табрик хатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда катта ижобий ўзгаришлар сезилаётганини қайд этганди.
"Ўзбекистон Президенти этиб сайланганингиздан сўнг Сизнинг раҳбарлигингизда мамлакатнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва тараққиёт жараёни бизни ҳам мамнун этмоқда", — дейилган Доналд Трампнинг Наврўз байрами муносабати билан йўлланган табригида.Америка президентининг табрикномасининг тўлиқ матни Ўзбекистон ОАВларида шанба куни эълон қилинди. Шунингдек, Доналд Трамп ўзининг табрик хатида Америка халқи ва бизнеси вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлларини излаётганини ҳам қайд этди. Шавкат Мирзиёев ушбу хатга жавобан, АҚШ президентининг шахсий эътиборини юқори баҳолаб, келажакда Тошкент ва Вашингтон орасида турли соҳаларда, жумладан бизнесда ҳам ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори эканлигини айтиб ўтди.