Россия Ўзбекистон билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор
Ўзбекистон ва Россия ҳарбий-техник ҳамкорлик келишувини ратификациялаш ёрлиқлари билан алмашишди
Кун.ўз сайтига кўра, Ўзбекистон ва Россия ҳарбий-техник ҳамкорлик келишувини ратификациялаш ҳақидаги ёрлиқлар билан алмашишди.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Ўзбекистон мудофаа вазири Қобул Бердиев ёрлиқлар билан Москвада алмашишди. Учрашув давомида Шойгу Россия Ўзбекистон билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдорлигини таъкидлаб ўтди.
Шойгунинг айтишича, Ўзбекистон ва Россия ратификациялаш ёрлиқлари билан алмашиб, икки давлат қуролли кучлари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш сари яна бир қадам ташладилар. Унинг фикрича, бу минтақада хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мудофаа вазири Қобул Бердиев Россия-Ўзбекистон ҳарбий-техник ҳамкорлигининг муваффақиятли эканини таъкидлаб ўтди. У россиялик ҳамкасбини Ўзбекистонга таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия 2016 йил 29 ноябрда Москвада Ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ҳақидаги келишувни ва 2017 йил учун мудофаа вазирликлари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг режасини имзолашган.