Пойтахт мактабларида 11 йиллик таълимга қайтиш юзасидан махсус сўровнома ўтказилади
(last modified Sun, 18 Jun 2017 07:00:22 GMT )
июн 18, 2017 12:00 Asia/Tashkent
  • Пойтахт мактабларида 11 йиллик таълимга қайтиш юзасидан махсус сўровнома ўтказилади
    Пойтахт мактабларида 11 йиллик таълимга қайтиш юзасидан махсус сўровнома ўтказилади

Бугун Тошкентда 9-синф битирувчиларининг ота-оналари ўртасида 10—11-синфларни жорий этиш бўйича сўров ўтказилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси асосида 17 июнь куни Ўзбекистон банклар ассоциацияси биносида мамлакат бош вазири Абдулла Арипов Халқ таълими вазири У.Иноятов, Олий ва ўрта махсус таълими вазири Р.Қосимов, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими Маркази директори М.Холмухамедов, Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усманов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилишда 18 июнь куни Тошкент шаҳри мактабларида 10-11-синфлар очилиши юзасидан ота-оналар ўртасида сўровнома ўтказилиши маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, коллеж ва академик лицейлар ҳам сақлаб қолинади. 9-синфни тугатаётган битирувчи келгусидаги таълим йўналишини ихтиёрий танлаши мумкин бўлади. Айрим коллежларда ошпаз, чевар, сартарош, ҳайдовчи, ғишт терувчи, бўёқчи ва шу каби қисқа муддатли касбларга қабул бўлмайди. 

Ушбу йиғилишни ўтказишига ва мазкур ғоянинг илгари сурилишига Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 78-умумтаълим мактабини бориб кўриши ва ушбу мактабда тажриба сифатида 11 йиллик таълимни қайта тиклаш, унинг қошида ўқув-касб корхонаси ташкил этиш зарурлигини таъкидлаши туртки бўлди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Тошкентнинг ҳар бир туманидаги 4 тадан мактабларда 10-11 синфларни очиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, мактабларда 7 ёшгача бўлган болаларни мактабга тайёрловчи "нулевой" синфлари очилади.