Ўзбекистон бош прокуратураси: Гулнора Каримовага нисбатан иккита жиноят иши қўзғатилган
2013 йил 24-октябрда Теrrа Group МЧЖ, Primе Мedia МЧЖ, Gаmmа Promotion МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси маълум қилди, деб хабар берди «Газета.uz».
Гулнора Каримова Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Й. Ғуломов кўчаси, 77«а»-уйда рўйхатда турган, 2001—2012 йилларда Н. Содиков, 2013 йилнинг январь ойидан октябр ойига қадар Р. Мадумаров раҳбарлик қилган уюшган гуруҳнинг жиноий фаолиятига бевосита кўмаклашиб келганлиги аниқланган.
Жумладан, Г. Каримованинг назорати остида ва кўмагида уюшган жиноий гуруҳ аъзолари 2001—2013 йилларда қуйидаги бир қатор жиноятларни содир этишган, хусусан:
— фуқаролар ва тадбиркорларнинг 54,1 миллиард сўмлик пул маблағлари, акциялари, улушлари ва мулкий объектларини товламачилик йўли билан эгаллаш (Г. Гаибназаровнинг «Тошкент рангли металл парчалари ва чиқиндиларини қайта ишлаш заводи» ОАЖ ва «Ангрен-цемент» МЧЖдаги 4,1 миллиард сўмлик акциялари, 4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари, 17,3 миллиард сўмлик 2 та квартираси, 4 уй-жойи (ҳовли) ва 8 та автомашинаси, Ш. Аҳмедовнинг KOLORPAK ва «Нашриёт уйи тасвир» МЧЖдаги 1,9 миллиард сўмлик улуши ва бошқалар);
— турли корхоналардаги давлатга тегишли акциялар ва улушларни сотиб олиш, мулкий объектларни хусусийлаштириш ва маҳсулотларни паст нархларда сотишда 344,6 миллиард сўмлик давлат мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш («Ўздунробита» ҚКдаги 131,9 миллиард сўмлик (49%), «Coca-Cola Ичимлиги Uzbekistan LTD» МЧЖ шаклидаги ҚКдаги 14,6 миллиард сўмлик (67,1%), Rubicon Wireless Communication МЧЖ шаклидаги ҚКдаги 9,6 миллиард сўмлик (30%) давлат улуши, 20,4 миллиард сўмлик 50 та кўчмас мулк объектлари ва бошқалар);
— даромадларни (1 триллион 570,3 миллиард сўм), кўрсатилган хизматлар, ишлар ва сотилган маҳсулотлардан тушумларни (253,9 миллиард сўм) камайтириб кўрсатиш, имтиёзларни ноқонуний қўллаш (266,2 миллиард сўм), текинга хизмат кўрсатиш, ортиқча асосий воситалар шаклида солиққа тортиш базасини камайтириш ва бошқа йўллар билан (994,3 миллион сўм) уюшган жиноий гуруҳ назоратидаги хўжалик юритувчи субъектлар ва оффшор компаниялар фаолиятида 2 триллион 91,4 миллиард сўмлик солиқларни тўлашдан бўйин товлаш;
— жиноий жавобгарликдан бўйин товлаш мақсадида уюшган гуруҳ назоратидаги хўжалик юритувчи субъектлар ва оффшор компаниялари фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ва уларни яшириш.
Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари (165, 167, 179, 184, 227 ва бошқалар) билан айблов эълон қилинган.